Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонга республикадаги 2 та собиқ уран конларини рекултивация қилиш дастурини ишга тушириш учун 2 миллион евро ажратди. Бу ҳақда банкнинг республикадаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, тегишли битимни банкнинг Ядро хавфсизлиги департаменти директори Бальтазар Линдауэр ва Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ислом Боқижонов имзолаган.

«Атроф-муҳитни тиклаш жамғармаси (АТЖ) фаолиятини кенгайтириб, Ўзбекистонда иш бошламоқда. Бу ерда жамғарма ва ҳукумат ўртасида 2 миллион евро миқдоридаги грант шартномаси имзоланганидан кейин биринчи лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тайёргарлик ишлари бошланди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, лойиҳа Тошкент вилоятининг Янгиобод шаҳридаги собиқ уран конлари ва республика шарқидаги Наманган вилоятининг Чаркесар қишлоғи ҳудудини қайта тиклаш ва рекултивациясини назарда тутади. Қайд этилишича, лойиҳани комплекс баҳолаш ва техник шартларини тайёрлаш Германиянинг WISUTEC компанияси томонидан амалга оширилган.

Маълумот ўрнида, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиёдаги Атроф-муҳитни тиклаш жамғармаси 2015 йил май ойида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда Совет Иттифоқи давридан қолган уран қазиб олиш ва уни қайта ишлаш билан шуғулланувчи эски объектларнинг экологик муаммоларини ҳал қилиш учун ташкил этилган.

Аввалроқ Ўзбекистон OPEC (Organization of the Petroleum Exporting Countries) ва Ислом тараққиёт банкидан қарз олиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 5 та вилоятида қишлоқлар шароити яхшиланиши ва Ўзбекистонда 2021 йилда давлат қарзини кўпайтирувчи асосий омил нималар экани маълум қилинган.