Медиа ҳолда жаҳон кутубхона ва музейларига 5000 дан ортиқ китоб тарқатилди — фото
Бу хорижий кузатувчилар ва экспертлар томонидан юқори баҳоланган
Ўзбекистон Президенти сайловига келган хорижий кузатувчилар ва экспертлар иштирокида 22 октябрь куни Халқаро медиа ҳолда «Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унинг фахрий меҳмонлари дипломатик корпус вакиллари, халқаро кузатувчилар, олимлар, пойтахт ҳамда вилоятдаги музей ва муассасалар вакиллари, журналистлар ва блогерлар бўлди.
Маълум қилинишича, тадбир давомида лойиҳанинг 5 йиллик фаолияти якунлари ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Жаҳон жамияти ишининг оралиқ натижалари ҳақидаги видеоролик намойиш этилган.
Тадбирнинг якуний босқичи Жаҳон жамиятининг хорижлик аъзоларига Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган фахрий нишонлар, шунингдек, «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» туркумидаги 35 жилдлик китоб-альбомларни олиш учун сертификатларни топшириш маросими бўлган. Шунингдек, Ўзбекистон давлат музейлари ва кутубхоналари вакилларига ҳам «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги 35 жилдлик китоб-альбомларни олиш учун сертификатлар берилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» туркумидаги 5000 мингдан ортиқ китоблар 100 дан ортиқ жаҳон ҳамда миллий музей ва кутубхоналарига тарқатилган.
Қайд этилишича, китоблар ва фахрий нишонлар хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган элчихоналари орқали — етакчи музейлар, кутубхоналар ва илмий муассасаларга, шунингдек, жаҳон жамиятининг хориждаги аъзоларига шахсан топширилади.
«Бундай муҳим тадбирда иштирок этаётганимдан жуда хурсандман ва ʼЎзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларидаʼ лойиҳасининг ютуқларини юқори баҳолайман. Бу — бутун дунёга тарқалиши керак бўлган ноёб ҳодиса. Энди туркум китоб-альбомлари бизнинг офисимизни ҳам безатиб, Ўзбекистоннинг энг бой маданияти ва тарихининг ажойиб ҳамда визуал далилига айланади», — дейди UNESCO’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Александрос Макаригакис.
Маълумот ўрнида, ҳозирга қадар лойиҳа томонидан 50 жилдлик китоб-альбомлар тайёрлаб қўйилган бўлиб, уларнинг тақдимоти «Мерос ҳафталиги» ва жаҳон жамиятининг Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларида ўтказилган 5-халқаро конгресси доирасида ўтказилган. «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги жами 15 минг дона ранг-баранг китоб-альбомлар мактаблар, кутубхоналар ва музейларга тарқатилган.
Аввалроқ Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказиш бўйича Президент қарори имзолангани, Қўқонда II Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилгани ва Тошкентда «Озод юрт тўлқинлари» XIII медиа фестивали бўлиб ўтгани хабар қилинган.