Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 25 октябрь куни «Humo Arena» мажмуасида Президент сайловидаги ғалабани нишонлаш жараёнидан фоторепортаж эълон қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 25 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси Президент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилган. Шу муносабат билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси «Humo Arena» мажмуасида тадбир ўтказган. Унда партия фаоллари ва партияга хайрихоҳ инсонлар қатнашган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, мониторларда Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки натижаларга бағишланган матбуот анжумани онлайн тарзда намойиш этилган. Унга кўра, Президент сайловида Шавкат Мирзиёев сайловда қатнашганлар умумий сонининг 80,1 фоиз овози билан ғалаба қозонгани эълон қилинган. Тадбирга йиғилганлар бу хабарни хурсандчилик ва олқишлар билан кутиб олган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, ҳаёт талаб қилган маъмурий, ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилган. Шу даврда мамлакат иқтисодиёти 24 фоизга, саноат 34 фоиз, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробарга ошган. Ялпи ички маҳсулот 60 миллиард долларга етган. Ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, ўзига билдирилган юксак ишонч учун халққа миннатдорлик билдирган.

«Шундай улуғ халқнинг ишончи — мен учун катта бахт! Менга шунча ишонч билдириб, қўллаб-қувватлагани учун барча партиядошларимга, ёшларга, азиз фарзандларимга, мунис оналарим ва нуроний оталаримизга таъзим қилиб, раҳмат айтаман. Бу ишонч менга куч бағишлайди. Шу билан бирга, ички дунём билан сезаманки, бу — жуда катта масъулият ва жавобгарлик», — деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, давлат раҳбари ҳозирги таҳликали замонда мураккаб синовлар кўп бўлгани, халқ жипслашиб, фидойилиги ва меҳнатсеварлиги билан улкан натижаларга эришаётганини қайд этган. «Охирги беш йилда қандай-қандай синовларни бошимиздан ўтказдик. Биз бу синовларда тобландик. Бир-биримизга меҳримиз ошди. Жипслашдик. Халқимиз бирлашса, нималарга қодирлигини бутун дунё яна бир марта кўрди», — деб қўшимча қилган Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев бу йилги сайлов илк бор Сайлов кодекси асосида, демократик руҳда, очиқ-ошкора ўтганини таъкидлаган.

«Кўплаб давлатлардан, катта халқаро ташкилотлардан кузатувчилар келди. Улар хоҳлаган сайлов участкасига бориб, яратилган шароитларни, одамларимиз эртанги кунга бефарқ эмаслигини, сайловда фаол қатнашганини, оилалари билан келиб овоз берганини кўрди. Бу халқимизнинг руҳияти, кайфияти, сиёсий маданиятидан далолат. Жойлардаги учрашувларда одамлар ҳар бир соҳа бўйича, ўз шаҳри ёки тумани бўйича долзарб таклифларни билдиряпти. Танқидлар ҳам бўляпти. Бу ҳам ҳаётимиз ўзгаргани, демократик ислоҳотлар натижаси. Яна бир марта айтмоқчиман: орқага йўл йўқ. Энди Ўзбекистон фақат олға боради», — деган Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари барча хорижий ва маҳаллий кузатувчиларга, Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига, оммавий ахборот воситалари вакилларига раҳмат айтган. Президент сайловида бошқа сиёсий партиялардан илгари сурилган номзодларга ҳам миннатдорчилик билдирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Уларнинг ҳам нияти — Ўзбекистонни ривожлантириш. Шунинг учун уларнинг дастуридаги халқимизга маъқул таклифларни, албатта, инобатга оламиз. Биз кеча рақобат қилган бўлсак, энди бир мушт бўлиб, ҳаракат қилишимиз керак. Мен халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, орзу-умидларини ушалтириш, фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч-ғайратим ва салоҳиятимни сарфлашга ваъда бераман. Янги Ўзбекистонни ҳаммамиз биргаликда қурамиз», — деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинганди. Шунингдек, президентликка номзод Мақсуда Ворисова Шавкат Мирзиёев атрофида бирлашиб, биргаликда олға қадам босишга чақирган.