Жанубий Корея миллий разведка хизмати Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси мамлакатда давлат тўнтариши уюштиргани ва уни ҳокимиятдан четлатгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда «KBS World» хабар берди.

Фото: «The Wall Street Journal»

Маълум қилинишича, Американинг «Globe» нашрига таяниб, бир қанча маҳаллий оммавий ахборот воситалари Ким Ё Чжон 2021 йил 6 майдан 5 июнга қадар давлат тўнтариши уюштиргани ва Шимолий Корея етакчисини лавозимидан четлатгани ҳақида хабар берган.

Қайд этилишича, маҳаллий нашрлар, шунингдек, давлат тўнтаришидан Ким Чен Иннинг ўрнига қиёфадоши халқ олдига чиққанини даъво қилиб, бунинг исботи сифатида Ким Чен Иннинг қиёфаси ўзгарганини қайд этган. Маълум қилинишича, Жанубий Корея разведка хизмати ушбу маълумотни кескин рад этиб, бу хабар мутлақо ёлғон эканини таъкидлаган.

Аввалроқ Ким Чен Иннинг синглиси юқори лавозимга тайинланганди. Шунингдек, Шимолий Корея президентининг синглиси AҚШни огоҳлантиргани ва Шимолий Корея АҚШ билан мунозара учун беҳуда вақт сарфламаслиги маълум қилинган.