Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев 25 октябрь, душанба куни Ўзбекистон Президенти сайловининг дастлабки натижаларини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Қайд этилишича, 24 октябрь куни бўлиб ўтган сайловда рўйхатга киритилган 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчидан 16 миллион 212 минг 343 нафари овоз берган. МСК раиси сайловчиларнинг 80,1 фоизи Либерал-демократик партия номзоди Шавкат Мирзиёев учун овоз берганини эълон қилди. 

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра:

  • Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисова 6,6 фоиз;
  • «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров 5,5 фоиз;
  • Экологик партиясидан номзод Нарзулла Обломурадов 4,1 фоиз;
  • «Адолат» социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимов 3,4 фоиз овоз тўплаган.

«Президент сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилди. Бешта сиёсий партия ва уларнинг номзодлари ўртасида реал рақобат муҳитида ўтган Президент сайлови Ўзбекистонда эркинлик ва  демократия амалда мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин намойишидир», — деди Зайниддин Низомхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров Ўзбекистондаги айрим сайлов участкаларида «оилавий» овоз бериш ҳолати кузатилганини таъкидлаганди. Шу билан бирга, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов сайловлардаги қонунбузарликлар бўйича маълумот берган.