Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни Президент сайловини кузатиш учун келган россиялик кузатувчилар делегациясига бошчилик қилаётган Россия федерал кенгаши давлат думаси қўмитаси раиси Леонид Калашниковни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, Россия парламенти вакили Ўзбекистон етакчисини Президент сайловида ишончли ғалабага эришгани ва сайлов кампанияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаган. Шунингдек, у сайлов жараёнлари илғор халқаро амалиёт ва стандартларга мувофиқ тайёрлангани ва ташкил этилгани борасида қилинган ишларни баҳолаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон–Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган. Парламентлар ўртасида яқин ва сермаҳсул мулоқот йўлга қўйилгани қайд этилган. Бундан ташқари, учрашувда савдо, инвестиция, таълим, туризм ва маданият соҳаларидаги икки томонлама шерикликни, шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги маконидаги минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта имкониятлар борлиги таъкидланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедевни қабул қилганди. Шунингдек, Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан табриклаган.