Тошкентда Н. исмли қиз Д. исмли бошқа бир қизга ўзини эркак сифатида таништириб, пул ундириб юргани аниқланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, М. исмли йигит Instagram ижтимоий тармоғи орқали Д. билан танишиб, унга севги изҳор қилиб, уйланишини айтган. Кейин ўзини бетобликка солиб, ҳолидан хабар олиш учун қизни ўзи яшаётган уйига чақириб, яқинликда бўлмоқчи бўлган ҳолатни яширин равишда телефонда тасвирга олган. Шундан сўнг йигит видео ва фотосуратларни Д.нинг ота-онасига кўрсатиш, тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, ундан нархи 2 миллион 500 минг сўмлик аёллар тилла узуги ва бир жуфт 1 миллион сўмлик аёллар тилла зирагини олган.

Айтилишича, кейинчалик ҳам йигит Д.дан бўлиб-бўлиб, турли миқдорда пул олган. Бундан ташқари, у бу воқеалар ҳақида манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган таниши А.га гапирган. Улар жиноий тил бириктириб, ўн ой давомида қиздан жами 10 минг АҚШ доллари олган.

Бу орада Д. Telegram’да «Фарруҳ» ва Беҳзод» профиллари орқали алоқага чиққан, аслида қиз бола бўлган Н. билан танишган. Д. унга аввал М. билан бўлган воқеаларни айтиб берган. Кейин Н.да ҳам Д.дан пул ундириш фикри туғилган. У қизни мазкур видеоларни ота-онасига кўрсатиш билан қўрқитиб, жами 6300 АҚШ доллари олган. Шундан сўнг қиз жиноят ҳақида ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Н. исмли қиз ва Н. исмли йигит навбатдаги 300 АҚШ долларини олаётган вақтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси жиноят-қидирув бўлими тезкор вакиллари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Қайд этилишича, Н. исмли қиз Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисмининг «в» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. М. ва Н. исмли йигитлар эса шу кодекснинг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, ҳар бирига нисбатан 5 йил, А. исмли йигитга нисбатан эса узил-кесил 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Фарғонада аёлнинг беҳаё расмларини тарқатмаслик учун 200 доллар олган эркак қамалганди. Шунингдек, Навоийда обрўсизлантирувчи расмини тарқатиш билан қўрқитиб, фуқародан пул талаб қилган аёл ушланган.