Андижон вилояти Асака туманида 26 октябрь куни тўртта автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, ҳодиса Чек кўчасидан ўтган 4Р-112 Асака–Фарғона йўлининг 169-километрида содир бўлган. Унда 1998 йилда туғилган И.Н. бошқарувидаги «Damas», 1965 йилда туғилган С.Б. бошқарувидаги «Matiz», 1994 йилда туғилган О.К. бошқарувидаги «Damas» ва 1992 йилда туғилган А.Р. бошқарувидаги «Kia Bongo» русумли автомобиллар тўқнашган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Асака тумани ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари бошланган.

Аввалроқ Тошкентда «Lacetti» билан тўқнашган «Nexia» ёниб кетганди. Шунингдек, Андижонда «Nexiа» ва «Damas» тўқнашгани хабар қилинган.