Депутат Расул Кушербаев мамлакатда болалар ҳуқуқлари борасидаги қонунлар ишламаётганини танқид қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Афғонистон собиқ депутати Мухаммад Мохакик саккиз нафар афғонистонлик бола очликдан вафот этганини айтган. Расул Кушербаев бу хабар уни ларзага солганини ва узоқ вақтдан бери ўйлантириб юрган масалани эслатганини таъкидлаган.

«Бу масалада гапириш мен учун оғир ва хавфли. Чунки буни айтишим билан ‘ўқланган’ бир қатор иқтисодчи ва сиёсатчиларимиз мени иқтисодни тушунмаслик, популизм ва ношукурликда айблайди. Тан оламан, мен кучли иқтисодчи эмасман, бор йўғи бир ‘овозман’, холос. Наилож», — дейди депутат.

UNICEF маълумотларига кўра, йил охиригача Афғонистонда беш ёшгача бўлган 3 миллион 200 минг бола очликдан қийналади, уларнинг бир миллионга яқини очлик туфайли вафот этиши мумкин. Депутатнинг таъкидлашича, интернетда бир домла Ўзбекистонда ҳам битта аёл муҳтожликдан уч тўрт нафар ёш боласи, оиласи  билан бир «буханка» нонни беш кун еб, кун  кечираётганини билдирган.

«Тагимизда улов, шоҳона ҳаёт бағрида, тўқ қоринга унга-бунга топшириқлар бериб яшаётган бир вақтда бундай ҳолатларни чин инсоний қалбдан ҳис қилишимиз қийиндир, балки. Лекин булар бор гап, ўртоқлар. Энди масалага очиқ кўз билан қарасак, Афғондаги норасида болаларнинг очдан ўлгани ва дунёда очлик сабаб ўлаётган бошқа болаларнинг хуни учун она замин бойликларидан ортиқча ёки фақат ўзи учун фойдаланаётганлар жавоб беради албатта, балки улар қаторида биз ҳам бўлармиз. Лекин айни вақтда бизда ҳам бундай ҳоллар ҳеч бир бола билан содир бўлмаслиги учун нималар қилаяпмиз?» — деб ёзади Расул Кушербаев.

Унга кўра, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун ва ҳукуматнинг қарори билан тасдиқланган низомни қайта кўриб чиқиш керак. Низомда ҳеч бўлмаса, ҳар бир боланинг қандай оилада дунёга келишидан қатъи назар, уч ёшга тўлгунга қадар нафақа пули (бола пули) берилишини тўлиқ кафолатлаш шартлиги белгиланган.

«Майли, бошқа режалардан кечармиз, бироқ болани ҳаққини жойига қўймасак бўлмайди. Шунда ‘бола пули’ тайинлашда коррупция ҳам тўлиқ йўқолади, ўша пул сандиққа солинмай иқтисод юришига ҳисса қўшади. Акс ҳолда, ишимизда ҳаловат, унум бўлиши даргумон.

Ҳурматли болалари бор иқтисодчи, ҳамкасб сиёсатчи ва раҳбарлар, ҳар биримиз афғон болаларининг аянчли қисматидан сабоқ олайлик, болаларимизни бундай қисматдан сақлайлик. Айниқса, камбағалликка қарши курашадиган бутун бир вазирлигимиз бор, улар сал уйғонса бўларди. Гапларим оғир ботган, бунинг учун ‘ақлимни киритиб’ қўймоқчи бўлган барчадан яна бир бор узр сўрайман. Такрор айтаман, мен муаммо эмасман, бир ‘овозман’, холос. (Мени тинч қўйинг.) Унга қулоқ тутиш ёки тутмаслик виждон ва хоҳишингизга боғлиқ. Фақат бугунги болалар эртага сизу бизни ва ишларимизни қандай бахолашини унутмасангиз бўлди», — дейди депутат постининг якунида.

Аввалроқ Расул Кушербаев ва Отабек Бакиров меъёрдан ортиқ юк билан ҳаракатланадиган машиналар фаолиятини танқид қилганди. Шунингдек, Расул Кушербаев нега бошқа депутатлар машҳур эмаслигига изоҳ берган.