Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда талабаларни ижарага қўйишдан олинган даромад солиққа тортилмаслиги мумкин. Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига қўйилган қонун лойиҳаси Солиқ кодексига ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Лойиҳа муаллифи — Молия вазирлиги.

Фото: «Bugun.uz»

Таклиф қилинган ўзгартишларга кўра, Солиқ кодексининг 378-моддаси (Солиқ солинмайдиган даромадлар) «Солиқ тўловчининг уй-жойларини талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари» банди билан тўлдирилиши белгиланганган.

Муҳокама 25 октябрдан 9 ноябрга қадар давом этади. Лойиҳани ўқинг, фикрланг, фойдали бўлса, муҳокамасида қатнашиб, қонун қабул қилинишига ўз ҳиссангизни қўшинг — сиз учун чиқарилаётган қонун-қоидаларга бефарқ бўлманг.

Ўзбекистонда сотиб олинган машиналарни «ГАИ»дан рўйхатдан ўтказиш учун тўлов бекор қилинади, олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун давлат божи пасайтирилади.

Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш учун ундириладиган йиғимлар юқорилиги ҳақидаги депутатлик сўровига жавоб олганини маълум қилди.

Фото: «parliament.gov.uz»

Депутатнинг хабар қилишича, у 26 октябрь куни сўровига Молия вазирлигидан жавоб олган. Унинг жавобида айтилишича, унда кўтарилган муаммоларни инобатга олган ҳолда Молия вазирлиги томонидан 2022 йил бюджет параметрларини шакллантиришда автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун ундириладиган йиғимларни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Бу эса сотиб олинган автотранспорт воситасини ДЙҲХХ (ГАИ)да рўйхатдан ўтказиш учун транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда фуқародан ундириладиган бир неча миллион сўмлик тўлов бекор бўлишини англатади.

Бундан ташқари, жавоб хатида Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан автомобиль олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун белгиланган давлат божи миқдорлари ҳам қайта кўриб чиқилгани ҳамда уларни пасайтириш юзасидан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинган. 

Шавкат Мирзиёевга яна бир муддатга Президент бўлиш имконини берган сайлов ҳақида: АҚШ сайлов натижаларини тан олди, МСК аъзоси Путиннинг эрта келган табригига муносабат билдирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс матбуотга баёнот бериб, унда Ўзбекистон Президенти сайлови натижаларига изоҳ берди.

Фото: «ABC News»

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар 24 октябрда бўлиб ўтган президентлик сайловида Ўзбекистон халқининг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш ҳуқуқидан фойдаланганини қўллаб-қувватлайди.

«AҚШ Давлат департаменти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюроси миссиясининг овоз бериш жараёни тинч муҳитда ўтди, сайловчиларнинг юқори фаоллиги билан ажралиб турди, деган баҳосига қўшилди», дейилади хабарда.

Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюроси кузатувчи миссияси ўртасидаги ҳамкорлик яхшиланганини олқишлайди, ЕХҲТ тавсиясининг сайлов ҳамда фуқаролик, сиёсий ҳуқуқларни илгари суриш бўйича келгусида амалга оширилишини интиқлик билан кутмоқда.

«Биз Ўзбекистон ҳукумати билан икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга эга ушбу ҳамда бошқа кўплаб масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттириш тарафдоримиз», дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Эсингиздами, кеча сайлов натижалари эълон қилинмасдан туриб Шавкат Мирзиёев номига Владимир Путиндан табрик келганди. Марказий сайлов комиссияси бу бўйича изоҳ беришни хоҳламаганди — ҳаммасини бу ерда ёзганмиз (ҳатто карикатура ҳам чизганмиз).

Хуллас, бугун МСК аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа бу бўйича изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, яхши хабар тез тарқайди. Ҳа, ҳатто Путинга (биринчи) етиб бораркан. Шерзодхон Қудратхўжа, шунингдек, сайлов натижаси эълон қилинишидан аввал билдирилган табриклардан ҳайратда қолганини билдирган.

Фото: Марказий сайлов комиссияси

«Биз — Марказий сайлов комиссияси ҳам хайрон қолдик бу хабарлар ҳали натижалар эълон қилинмасдан берилишига. Лекин мен ўйлайманки, биз бу саволни ўша мамлакатларнинг оммавий ахборот воситаларига беришимиз тўғри бўлади. Яхши хабар тез тарқалади. Шунинг учун ҳайратланмаса ҳам бўлади, менимча. Биз ҳамма номзодга тенг, холис муносабатдамиз», — дейди МСК аъзоси.

FIFA президенти ЎФА президентини «Пахтакор» Ўзбекистон чемпионига айлангани билан табриклади.

FIFA президенти Жанни Инфантино Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизовга «Пахтакор»нинг Ўзбекистон чемпионига айлангани муносабати билан табрик йўллади.

Фото: «The Times»

Ушбу табрикда қуйидаги сўзлар ёзилган:

«Тошкентнинг ‘Пахтакор’ футбол клубини 2021 йил Ўзбекистон чемпионига айлангани билан табриклашга ижозат бергайсиз. Ушбу муҳим соврин билан клубдаги ҳар бир инсон машаққатли меҳнати, иштиёқ ва садоқати билан ғурурлана олади. Табригимни клубга алоқадар барча инсонларга етказишингиздан мамнун бўлардим. Уларни шундай жамоавий руҳ, эҳтирос ва қатъият билан ишлашда давом этишга чақираман».

«Bugun.uz» журналистлар мактабининг иккинчи мавсумига старт беради. Унда ўқиш бепул! Журналист бўлишни, бизнинг сафимизга қўшилишни истаганлар, ушбу манзилда ёзилган шартлар билан яхшилаб танишиб, керакли ҳужжатларингизни бизга юборинг. Жамоамизда сизни кўришдан хурсанд бўламиз.

Мактабнинг биринчи мавсуми битирувчилари
Фото: «Bugun.uz»

Хўш, оламда нима гап?

Хитой «Толибон» ҳимоясига ошиқмоқда. Мамлакат ТИВ раҳбари АҚШдан ҳаракатга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди.

Фото: «Getty Images»

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларини «Толибон» ҳаракатига қарши санкцияларни бекор қилишга ва у билан ҳамкорлик қилишга чақирди.

«Хитой Афғонистон ҳозирда дуч келаётган гуманитар қийинчиликларга жиддий эътибор қаратади ва АҚШ ҳамда Ғарб давлатларини санкцияларни бекор қилишга чақиради», — деган дипломат. Унинг таъкидлашича, Хитой ҳам, Ғарб давлатлари ҳам Афғонистонни тиклашда «Толибон» билан прагматик тарзда ишлашлари керак.

Американинг NASA космик агентлиги раҳбари Билл Нельсон ўзга сайёраликлар мавжудлигини инкор этмади.

Нельсонннинг сўзларига кўра, у АҚШ денгиз флоти кўрган номаълум учар жисм ҳақида учувчилар билан гаплашган ва улар ўзга сайёраликлар мавжудлигидан далолат берувчи ҳодиса содир бўлганини қайд этган.

Фото: «CNN»

«Мен учувчилар билан гаплашдим, улар бунга ишора қилувчи ҳодисани кўргани ва буни радарлар ёзиб олганини айтди. Улар бу нима эканини билмайди. Бизда ҳам бу ҳақда аниқ маълумот йўқ. Умид қиламизки, бу Ернинг душмани эмас», — деган Нельсон. Шунингдек, у номаълум учар жисмлар ўзга сайёраликлар бўлиши мумкинлигини инкор этмаган. «Мен кимманки, Ер сайёраси бизникидек маданиятли ва уюшган ҳаёт шаклининг ягона яшаш жойи десам. Коинот жуда катта», — деган у.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов Билл Нельсоннинг сўзларидан илҳомланиб, карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.