Ички ишлар органлари ходимлари ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган қизни қутқариб қолди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумот берди.

Кадр: Telegram / «bugunuzlive»

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмига 25 октябрь куни тахминан соат 01:15 атрофида Х.И. исмли фуқаро ўз жонига қасд қилаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига шу ҳудудда хизмат олиб бораётган Учтепа тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими пост-патруль хизмати ходимлари етиб келган. ИИО ходимларининг тезкорлик билан амалга оширган ҳаракати туфайли Х.И.нинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳодисанинг содир этилишига сабаб бўлган омиллар профилактика инспектори ва хотин-қизлар масаласи бўйича инспекторлар томонидан ўрганилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда аёл ўзини 8-қаватдан ташламоқчи бўлганди. Шунингдек, Самарқандда эркак давлат кредит бермагани учун ўзини бинодан ташламоқчи бўлгани айтилган хабарга изоҳ берилган.