Ўзбекистон хориждан сентябрь ойида 57 та электромобиль сотиб олгани маълум қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълумотларга кўра, бу кўрсаткич 2021 йилнинг август ойига нисбатан 12 тага камни ташкил этган. Электромобиллар хариди учун 1,3 миллион доллар сарфланган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда электромобиль импорти қарийб 7 бараварга ошиб, 8 ойда 501 та электромобиль олиб келингани ҳақида хабар берилганди. Қайд этилишича, 2021 йилнинг январь–август ойларида мамлакатга 9 та хорижий давлатдан қиймати 9,2 миллион долларга тенг бўлган 501 та электромобиль импорт қилинган. Бу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 428 тага ёки қарийб 7 бараварга ошган.

Маълумотларга кўра, август ойида Ўзбекистон хориждан 69 та электромобиль олиб келган. 2021 йилнинг 8 ойида, асосан, қуйидаги давлатлардан электромобиллар импорт қилинган:

  • Хитой — 443 та;
  • Туркия — 24 та;
  • Литва — 13 та;
  • Германия — 7 та;
  • АҚШ — 6 та;
  • Корея — 5 та;
  • Испания — 1 та;
  • Россия — 1 та;
  • Гонконг — 1 та.

Аввалроқ Ўзбекистон январь–июль ойларида нечта енгил автомобиль импорт қилгани маълум бўлган. Шунингдек, июнь ойида нечта электромобиль олиб келингани маълум қилинган.