Янгиликлар - 11:27 · 26.10.2021

Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ҚҚСдан озод қилинди

Ўзбекистонда гўшт, балиқ, картошка маҳсулотлари ҚҚСдан озод қилиниши маълум бўлди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Huquqiy axborot» канали хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, Президент томонидан «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланган.

Киритилган қўшимчага кўра, 2021 йил 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ гўшти), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни Ўзбекистонга олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланган. Қайд этилишича, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорларнинг ҚҚС билан боғлиқ мажбуриятлари юмшатилганди. Шунингдек, мамлакатда ҚҚС суммасини қоплаш учун солиқ органларига ариза бериш тартиби бекор қилиниши очиқланган.