Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш учун ундириладиган йиғимлар юқорилиги ҳақидаги депутатлик сўровига жавоб олганини маълум қилди.

Фото: «parliament.gov.uz»

Маълум бўлишича, депутат иккиламчи бозордан автомобиль харид қилинганда уни бошқа шахс номига олди-сотди шартномаси орқали нотариал расмийлаштириш ҳамда ДЙҲХХ (ГАИ)да рўйхатдан ўтказишда тўланадиган давлат божи ва йиғимлар миқдорининг юқорилиги ҳақида фикр билдирган. Шунингдек, бу давлат божи ва йиғимлар ставкаларини 2022 йил учун давлат бюджетининг параметрларини шакллантиришда қайта кўриб чиқишни сўраб, Молия вазирлигига депутатлик сўрови юборган.

Депутатнинг хабар қилишича, у 26 октябрь куни сўровига Молия вазирлигидан жавоб олган. Унинг жавобида айтилишича, унда кўтарилган муаммоларни инобатга олган ҳолда Молия вазирлиги томонидан 2022 йил бюджет параметрларини шакллантиришда автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун ундириладиган йиғимларни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Бу эса сотиб олинган автотранспорт воситасини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш учун транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда фуқародан ундириладиган бир неча миллион сўмлик тўлов бекор бўлишини англатади.

Бундан ташқари, жавоб хатида Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан автомобиль олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун белгиланган давлат божи миқдорлари ҳам қайта кўриб чиқилгани ҳамда уларни пасайтириш юзасидан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинган. Дониёр Ғаниевга кўра, қонунчиликка юқоридаги ўзгаришларни киритиш орқали 2022 йилдан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатларини кескин камайтириш ва фуқароларга енгиллик яратиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, у сайловда ғалаба қозонган Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи президентлик даврида ҳам фуқароларга қулайлик яратиш, уларни рози қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида давом этишини айтиб ўтган.

«Умид қиламизки, ундириладиган бож ва йиғимларнинг камайиши, ўз навбатида, фуқароларимизга ўзлари харид қилган автомобилларини мулк ҳуқуқи ва фуқаролик муносабатларида салбий оқибатлар келтириб чиқарувчи ишончномалар орқали эмас, балки нотариал олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштиришга имконият яратади. Бундан ташқари, автомобилларни расмийлаштиришдаги транзакционал харажатларнинг камайиши иккиламчи бозорларда автомобиллар олди-сотди кўламини ошишига ва ‘иккинчи қўл’ автомобиллар нархи тушишига хизмат қилади», — деб ёзади депутат.

Аввалроқ Дониёр Ғаниев «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунни ўзгартиришга доир қонун лойиҳасидаги камчиликлар ҳақида маълумот берганди. Шунингдек, депутат жамиятда ақлли аёллардан қўрқиш тенденцияси борлигини айтган.