Telegram тармоғида тез орада биринчи марта расмий рекламалар тизими ишга тушиши маълум бўлди. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, фойдаланувчиларнинг аксарияти бу ўзгаришни деярли сезмайди. Дуров бунга учта сабаб борлигини қайд этган. Биринчи сабаб Telegram чатлар рўйхати, шахсий суҳбатлар ёки гуруҳларда реклама хабарлари кўрсатилмайди. Реклама фақат йирик каналларга — реклама мавжуд бўлган хизматларга таъсир қилиши қайд этилган.

Иккинчи сабаб сифатида фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари рекламаларни кўрсатиш учун ишлатилмаслиги келтирилган. Telegram учун фойдаланувчи махфийлиги биринчи ўринда туриши таъкидланган. Қайд этилишича, реклама хабарларининг мазмуни фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига эмас, балки фақат улар кўрадиган каналлар мавзуларига боғлиқ бўлади.

Учинчи сабаб сифатида эса расмий Telegram реклама хабарлари кўзга ташланмайдиган бўлиши айтилган. Уларда ташқи ҳаволалар ёки фотосуратларсиз фақат қисқа матнларга рухсат берилиши таъкидланган. Реклама каналдаги барча янги постларни кўргандан кейингина пайдо бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Telegram амалга оширадиган расмий реклама хабарлари фойдаланувчилар учун анча қулай бўлади. Бундай рекламалардан тушган даромад тармоқ фойдаланувчиларига бепул ва чексиз хизмат кўрсатишда давом этиш имконини бериши айтилган.

Аввалроқ Telegram янги функцияни синовдан ўтказиши айтилган. Шунингдек, Telegram мессенжерида бир нечта янги функциялар пайдо бўлган.