Янгиликлар - 12:37 · 26.10.2021

Тошкентда янги метро поездларининг тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкент Марказий темир йўл вокзалида 26 октябрь куни Тошкент метрополитени учун олиб келинган 20 та замонавий метро вагонларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати хабар берди.

Фото:  «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати 

Маълум қилинишича, ҳаракат таркиблари Россиянинг «Метровагонмаш» АЖда ишлаб чиқарилган. Ўзбекистонга етказиб бериладиган 81-765/766/767 русумли метро поездлари 2016 йилдан буён турли хил кўринишда ишлаб чиқарилмоқда. Улардан Москва, Қозон ва Боку метрополитенларида фойдаланилмоқда.

Таъкидланишича, Тошкент метрополитени учун янги ишлаб чиқарилган вагонларнинг ён тарафи ва эшиклари оқ рангга бўялган. Бутун ҳаракат таркиби бўйлаб горизонталь равишда Ўзбекистон миллий байроғинининг ранглари акс этган чизиқ тортилган. Поезднинг том қисми ҳаворанг, олд қисми эса қора рангга бўялган. Шунингдек, олд қисмида йўналишни кўрсатувчи электрон сатри жойлашган бўлиб, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ рамзи акс этган.

Мазкур метро вагонлари электр энергиясини 35 фоизгача тежаши, учинчи авлоддаги асинхрон тортувчи двигателининг қўлланилиши эксплуатацион харажатларни 40 фоизгача қисқартириши қайд этилган. Янги вагонларнинг қатор техник имкониятлари ва афзалликларига қуйидагилар киради:

  • Вагонлар орасидаги герметик «гармошка» кўринишидаги ўтиш жойлари йўловчилар учун поезднинг бошдан охиригача ўтиш имконини беради ва бу билан ҳаракат таркибининг сиғимини оширади;
  • Йўловчилар салонининг ҳар бир томонига тўрттадан автоматик ва икки қаватли эшиклар ўрнатилган. Уларнинг 12 фоизга кенгайтирилгани йўловчилар тасодифан қисилиб қолишининг олдини олади;
  • Салондаги ҳароратни ўрнатилган кондиционер, иситиш ва шамоллатиш тизими таъминлаб туради. Шунингдек, шифтда махсус ҳимоя қутилари ичида жойлашган ва ҳавони ультрабинафша лампалар ёрдамида зарарсизлантириш тизими қўлланилган;
  • Ҳар бир вагон телеканаллар трансляцияси имкони билан бирга йўловчиларга замонавий маълумот узатиш тизими билан таъминланган;
  • Ҳар бир вагон видеокузатув тизими билан жиҳозланган, ҳар бир вагонда шифт камералари, шунингдек, шошилинч алоқа блоклари устида ҳам камералар мавжуд, ёнғинни автоматик пайқаш ва ўчириш тизими ҳам бор;
  • Машинист кабинасида видеокузатув тизими монитори жойлашган.

Аввалроқ Тошкентда янги метропоездларнинг тақдимоти бўлиб ўтгани маълум қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонга Россиядан 20 та янги метро вагони юборилгани хабар қилинган

Bugun — LIVE