14:07 | 27.10.21 48

Тожикистон президенти мамлакат қайси соҳада заифлигини очиқлади

Эмомали Раҳмон бу иқтисодиётга катта зарар етказишини айтган

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакат иқлим ўзгариши жараёни бўйича дунёдаги энг заиф давлатлардан бири ҳисобланишини маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «24.tv.ua»

Келтирилишича, давлат раҳбари буни БМТнинг «Иқлим соҳасидаги ҳаракатларни амалга ошириш» мавзусидаги юқори даражадаги тематик муҳокамасида маълум қилган. У иқлим ўзгариши Тожикистон сув ресурсларининг қисқаришига олиб келишини қайд этган. «Тожикистоннинг 93 фоизи тоғли ҳудуд бўлиб, иқлим ўзгариши жараёнида дунёдаги энг заиф давлатлардан бири ҳисобланади», — деган президент.

Шунингдек, Тожикистон президенти мамлакатда музликларнинг тез эриши, сув ресурсларининг қисқаришига ишора қилган. Жумладан, у музликлар дунёдаги чучук сувнинг асосий манбаи эканини қўшимча қилган. Президент сўзларига кўра, кейинги йилларда сел, сув тошқини, қурғоқчилик каби табиий офатлар тез-тез учраб турибди ва бу миллий иқтисодиётга катта зарар етказади.

«Иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига бевосита таъсири жуда яққол кўриниб турибди ва бу масала бутун дунё ҳамжамиятининг, айниқса, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясига аъзо давлатлар раҳбарларининг диққат марказида бўлиши керак», — деган давлат раҳбари.

Аввалроқ Тожикистонда мингдан ортиқ музликлар эриши мумкинлиги айтилганди. Шунингдек, музликларнинг эриши қандай оқибатларга сабаб бўлиши маълум қилинган.