Наманган вилоятидаги поликлиникада 28 июль куни 22 ёшли йигит шифокорни дўппослагани хабар қилинганди. Вилоят суди ахборот хизмати «Bugun.uz»га йигит ва унинг акасига ҳукм ўқилганини маълум қилди.

Фото: Наманган вилояти суди ахборот хизмати

Хабар қилинишича, шу куни соат 02:30 атрофида Наманган шаҳрида яшовчи 1999 йилда туғилган фуқаро Ф.Ж. ва унинг 1996 йилда туғилган акаси Ф.Б. Янгиқурилиш маҳалласида жойлашган 10-сон оилавий поликлиникага тана ҳароратининг кўтарилиши шикояти билан мурожаат қилган. Поликлиникада навбатчилик ўтаётган 1994 йилда туғилган шифокор У.А. ака-ука Ф.Ж. ва Ф.Б.ни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга тана ҳарорати меъёрда экани, коронавирус инфекциясига тест топшириши кераклигини айтган. Бу ташхисдан норози бўлган фуқаролар шифокор У.А.ни дўппослаган ва жиддий тан жароҳати етказган.

Фото: Наманган вилояти суди ахборот хизмати

Қайд этилишича, шифокор олган тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига мурожаат қилган. Тиббий текширувда шифокор У.А.га бош миянинг ёпиқ шикасти, бош миянинг кучли чайқалиши, ўнг қўл тирсак соҳасининг жиддий зарарланиши, пешона, ўнг чакка ва ўнг юз юқори қовоқ соҳаси кучли қонталаш ташхиси қўйилган.

Маълум қилинишича, ака-укаларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганди. Таъкидланишича, судланувчилар Ф.Ж. ва Ф.Б. Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, уларга 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Фото: Наманган вилояти суди ахборот хизмати

Аввалроқ Наманганда шифокорни дўппослаган ака-ука қамоққа олингани ва ССВ ҳолат юзасидан муносабат билдиргани хабар қилинганди.