Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, суҳбат аввалида Хитой раиси Шавкат Мирзиёевни президентлик сайлови муваффақиятли ўтказилгани ва унда ишончли ғалабага эришилгани билан табриклаган. Овоз бериш натижалари янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсат халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этгани алоҳида таъкидланган.

Айтилишича, Хитой раиси Ўзбекистон етакчисига омад ва янги муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса фаровонлик ва равнақ тилаган. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон–Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиққан.

Суҳбат давомида ишончга асосланган мулоқотнинг бугунги даражаси, 2021 йил апрель ойида ўтган мулоқотларда эришилган келишувларга мувофиқ икки томонлама алоқалар ривожланаётгани ва ўзаро алмашинувлар фаоллашгани қайд этилган. Сиёсий соҳада Ўзбекистон Президенти «ягона Хитой сиёсати»ни ҳамда «уч ёвуз куч» — терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши қатъий курашни доимий қўллаб-қувватлашини билдирган.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилаётган катта амалий ёрдам, шу жумладан, вакциналар ўз вақтида етказиб берилаётгани ва уларни биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани учун миннатдорчилик билдирган. Си Цзиньпин эса, ўз навбатида, Хитой Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар дастурини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Савдо-иқтисодий соҳада етакчилар товар айирбошлаш сезиларли ўсаётганини қайд этган. Хитой бозорига зарур маҳсулотлар, энг аввало, қишлоқ хўжалиги товарларини илгари суриш мақсадида 2021 йил ноябрь ойида Шанхай шаҳрида ўтадиган тўртинчи Импорт товарлар халқаро кўргазмасида Ўзбекистон фаол иштирок этишига келишиб олинган. Бундан ташқари, беш йиллик Савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини тайёрлаш, унга стратегик аҳамиятга эга, шу жумладан, инновациялар, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва электрон тижорат соҳалари бўйича лойиҳаларни киритиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Камбағалликни камайтириш масалаларида тажриба ва билим алмашиш муҳим йўналиш сифатида белгилаб олинган. Октябрда икки мамлакатнинг ваколатли идоралари томонидан имзоланган меморандумни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилган. Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари Хитойни минтақа билан боғлайдиган ва «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида Евроосиё трансқитъавий транзит йўлагини шакллантирадиган самарали транспорт йўналишларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини эмлаш, спорт, туризм, маданият ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжуд экани қайд этилган. Президент ҳамкасби ва Хитой халқига 2022 йилда Пекин шаҳрида ўтказиладиган қишки Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтказилишини тилаган. 2021 йил якунигача Ўзбекистон–Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, шунингдек, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича қўшма дастурни тайёрлашга келишиб олинган.

Ўзбекистон Президенти ва Хитой раиси халқаро кун тартиби ҳамда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашган. Шавкат Мирзиёев Хитой етакчиси томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида илгари сурилган Глобал тараққиёт ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бошқа институтлари доирасидаги яқин мулоқотни давом эттиришга келишиб олинган. Хитой етакчиси Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги раислигини тўлиқ қўллаб-қувватлаган.

Давлат раҳбарлари Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш ва иқтисодий тараққиётга эришиш масалаларини ҳам кўриб чиққан. Афғон халқига кўмаклашиш мақсадида ШҲТ ва бошқа форматлар доирасидаги мулоқотни давом эттириш ҳақида келишувга эришилган. Мулоқот якунида Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин халқлари ва мамлакатларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Аввалроқ Туркия, Туркманистон президентлари ва Элбоши Мирзиёевни сайловдаги ғалаба билан табриклаганди. Шунингдек, Президент Покистон бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилган.