Янгиликлар - 12:41 · 27.10.2021

ССВ «замдекан»и томонидан тегажаклик қилинган қиз иши бўйича маълумот берди

Тошкентда университет «замдекан»и талаба қизга зўрлик ишлатиб, деразадан итариб юборгани хабар қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, вазирлик томонидан жабрланувчининг саломатлиги жиддий назоратга олинган. Бемор М.К. 18 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Тезкор текширув натижасида унга кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилган.

Қайд этилишича, бемор олиб келинганида пешона соҳасига бирламчи жарроҳлик ишлови берилиб, тикилган. Шокка қарши амалиётлар ўтказилиб, марказнинг травматология бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг мазкур бўлимда белгиланган стандарт асосида унда қатор терапия амалиёти бажарилган.

Шунингдек, ҳар куни жароҳатига хирургик ишлов берилган. Уч кун давомида динамикада УЗИ қилинган. Қон таҳлили текширилган. Қўшимча мутахассислар жалб қилинган. Таъкидланишича, ҳозир беморнинг динамикада аҳволи қониқарли. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг тажрибали шифокорлари томонидан муолажалар давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда «замдекан» талаба қизни зўрлагани бўйича расмий маълумот берилганди. Шунингдек, Сирдарёда мактаб ҳожатхонасида 8 ёшли қизни зўрлаган эркак суд қилингани ва Тошкентда 15 ёшли қизни зўрлаган 3 нафар йигит ушлангани хабар қилинган.