Тарихдаги энг бой одам кимлиги маълум қилинди
«Forbes» журнали бу бўйича маълумот берди
Америкалик муҳандис ва тадбиркор Илон Маскнинг бойлиги ўзига тегишли «Tesla» акциялари нархининг ошиши фонида 270 миллиард долларга кўтарилди. Натижада бизнесмен «Forbes» журнали ҳисоб-китоблари тарихидаги энг бой одамга айланди. Бу ҳақда журнал веб-сайтида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, 25 октябрь, душанба куни «Tesla» акцияларининг қиймати «Hertz» компанияси билан тузилган 100 мингта электромобиль етказиб бериш бўйича келишув ҳақидаги хабардан сўнг деярли 13 фоизга ошган. Натижада «Tesla» капитали дастлаб 1 триллион долларга етиб, ўсишда давом этган.
«Forbes» ҳисоб-китобларига қараганда, 26 октябрь кунги савдо якунига кўра, Маскнинг бойлиги 271,3 миллиард долларни ташкил қилган. 22 октябрдан буён унинг капитали 41,7 миллиард долларга ошган.
Нашрнинг таъкидлашича, бу «Forbes» 1982 йилда ҳисоблаш жараёнини бошлаганидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Аниқлик киритилишича, аввалроқ тарихдаги энг бой одам бойлиги 212 миллиард долларга етган «Amazon» асосчиси Жефф Безос бўлган.
Аввалроқ Алишер Усмоновнинг дунё бойлари рейтингидаги ўрни маълум бўлганди. Шунингдек, «Microsoft»нинг собиқ бош ижрочи директори бир суткада миллиардерга айланганди.