Янгиликлар - 12:20 · 27.10.2021

Япония Афғонистон билан қўшни давлатларга 65 млн доллар ажратди

Япония ҳукумати қочқинлар учун гуманитар ёрдам бериш эҳтиёжи ортиб бораётган Афғонистон ва қўшни давлатларга 65 миллион доллар миқдорида фавқулодда грант ёрдами кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Япониянинг Тожикистондаги элчихонаси хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, Япония ҳукумати Афғонистон ва унга қўшни давлатларга (Покистон, Эрон, Тожикистон ва Ўзбекистон) етти халқаро ташкилот орқали уй-жой, соғлиқни сақлаш, сув таъминоти, канализация, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва таълим каби соҳаларда гуманитар ёрдам кўрсатади.

Япониянинг Душанбедаги элчихонаси маълумотларига кўра, Тожикистонга 700 минг доллар миқдоридаги ёрдам БМТнинг Қочқинлар бўйича олий бошқармаси орқали ўтказилади.

Қайд этилишича, Япония ҳукумати Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашда давом этади, шунингдек, минтақада барқарорликни таъминлашда фаол иштирок этади.

Аввалроқ Жанубий Корея Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун 5 млн доллар ажратганди. Шунингдек, Ислом тараққиёт банки Ўзбекистондаги Халқаро ислом академиясига 50 минг доллар ажратгани хабар қилинган.

Bugun — LIVE