БМТ йиғилишида Ўзбекистоннинг ташкилотдаги доимий вакили нутқ сўзлади — видео
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ташкилот Бош ассамблеясининг «Иқлим бўйича чора-тадбирлар кўриш: одамлар, сайёра ва фаровонлик учун» мавзусидаги олий даражадаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбирда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессияси раиси Абдулла Шаҳид, 70 дан ортиқ давлат раҳбарияти даражасидаги делегация, шунингдек, UNEP (БМТнинг Атроф-муҳит дастури), ECOSOC (БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши), UNICEF, UNFCCC (БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси) раҳбарлари, фуқаролик жамияти ҳамда ёшлар ташкилоти вакиллари иштирок этган.
Форумда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов сўзга чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш, атроф-муҳит ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш борасидаги муҳим ташаббуси ҳақида маълумот берган.
Таъкидланишича, иштирокчилар эътибори, шунингдек, Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик ҳалокатга ҳам қаратилган. Мазкур табиий офатнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар кўрсатилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессияси очилишида қатнашиши маълум қилинганди. Шунингдек, давлат раҳбари БМТдаги нутқида Афғонистон масаласига тўхталган.