Янгиликлар - 19:24 · 28.10.2021

Ўзбекистон Президенти сайловининг якуний натижалари эълон қилинди

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев 29 октябрь, жума куни Ўзбекистон Президенти сайловининг якуний натижаларини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, 24 октябрь куни бўлиб ўтган сайловда рўйхатга киритилган 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчидан 16 миллион 212 минг 343 нафари овоз берган. МСК раиси сайловчиларнинг 80,12 фоизи Либерал-демократик партия номзоди Шавкат Мирзиёев учун овоз берганини эълон қилди.

Овоз беришда иштирок этган сайловчилар томонидан ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сони қуйидагича:

  • Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичга — 549 минг 766 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 3,39 фоизи;
  • Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Мирзиёев Шавкат Миромоновичга — 12 миллион 988 минг 964 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 80,12 фоизи;
  • Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Обломуродов Нарзулло Наимовичга — 670 минг 641 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 4,14 фоизи;
  • Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Қодиров Алишер Келдиевичга — 888 минг 515 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 5,48 фоизи;
  • Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Ворисова Мақсуда Азизовнага — 1 миллион 75 минг 16 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 6,63 фоизи.

Ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенларининг сони 39 минг 443 тани ёки 0,24 фоизни ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, 25 октябрь куни эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз тўплаганди. Давлат раҳбари президентлик лавозимига қайта сайлангани муносабати билан унинг номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларидан самимий тилаклар билдирилган.

Bugun — LIVE