Анимацион фильмлар кўп йиллардан буён ўзларининг жажжи томошабинларига — нафақат болалар, балки катта ёшдаги шинавандаларига ҳам қувноқ таассуротлар, хотиралар улашмоқда, уларга ўз вақтларини қизиқарли ўтказишда кўмаклашмоқда. Ҳа, чиндан ҳам мультфильмлар кичик ва катта ёшдаги томошабинлар учун бир хил даражада қизиқарли бўлиб, бу омил кўпгина анимацион фильмларнинг муваффақиятини ва юқори даромад манбаи бўлишини таъминлайди. Қуйида сиз билан тарихдаги энг юқори даромад келтирган мультфильмлар ўнталиги билан танишамиз.

1. «Қирол шер». Режиссёр Жон Фаврау ва сценарий муаллифи Жефф Нейтансон томонидан ишланган Америка мусиқали компьютер анимацион фильми. Фильм тўлалигича фотореалистик компьютер анимацияси ёрдамида суратга олинган. Қаҳрамонларнинг ролларини Доналд Гловер, ЖД Маккрари, Жеймс Эрл Жонс, Реппер Ченс, Жош МакКрири, Фил Ламарр, Алфре Вудард, Эрик Андре, Киган-Майкл Кай, Флоренс Касумба кабилар ижро этган.

Фото: «Disney»

Мазкур анимацион фильм худди шу номдаги 1994 йилги мултфильмнинг ремейки ҳисобланади. У 2019 йил 18 июлда — мультфильмнинг илк варианти 25 ёшга тўлганида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган. Фильм ўзининг бутун дунё бўйлаб намойиши ортидан 1 656 943 394  доллар даромад келтирган.

2. «Музюрак 2». «Walt Disney Animation Studios» томонидан ишлаб чиқарилган 2019 йилги Америка анимацион мусиқий фильми. Мазкур мультфильм «Disney» томонидан ишланган 58-мультфильм ҳамда 2013 йилги «Музюрак» анимацион фильмининг иккинчи қисми ҳисобланади. Сценарий муаллифлари ва фильм режиссёрлари Крис Бак ва Женнифер Ли, фильм продюсери эса Питер Дел Вечо ҳисобланади.

Фото: «Disney»

Анимацион фильм бош қаҳрамонларига Кристен Белл, Идина Мензел, Жош Гад ва Жонатан Грофф каби таниқли актёр ва актрисалар овоз берган. Мультфильм премьераси 2019 йил 7 ноябрь куни Голливудда бўлиб ўтган. «Музюрак 2» бутун дунё бўйлаб намойиши ортидан 1 450 026 933 доллар (биринчи қисмидан кўпроқ) даромад келтирган. Фильм саундтрекларидан бири — «Into the unknown» қўшиғи «Оскар»га муносиб кўрилган.

3. «Музюрак». 2013 йилда дунё юзини кўрган Америка компьютер анимацион фильми «Walt Disney Animation Studios» томонидан яратилган. «Walt Disney Pictures» томонидан чиқарилган 53-тўлиқ метражли мультфильм Ҳанс Кристиан Андерсеннинг «Қор маликаси» эртагидан илҳомланган ҳолда яратилган. «Музюрак»нинг премьераси 2013 йил 19 ноябрда Голливуддаги Эл Капитан театрида бўлиб ўтди.

150 миллион доллар эвазига яратилган фильм бутун дунё бўйлаб 1 280 802 282 доллар даромад келтирди. Шундан 400 миллиони АҚШ ва Канада, 249 миллиони эса Япониянинг улушига тўғри келади. Мультфильм «Энг яхши анимацион фильм» ва «Энг яхши қўшиқ» номинацияларида иккита «Оскар» мукофотига, шунингдек, бир қатор бошқа мукофотларга сазовор бўлган.

4. «Супер оила 2». 2018 йилда «Pixar Animation Studios» томонидан ишлаб чиқарилган суперқаҳрамонлар тўғрисидаги Америка компьютер анимацион фильми. Сценарийси ва режиссураси Бред Бирдга тегишли мазкур фильм 2004 йилда эфир юзини кўрган «Супер оила» фильмининг давоми ва иккинчи тўлиқ метражли қисми ҳисобланади. «Супер оила 2»нинг премьераси 2018 йил 5 июнь куни Лос-Анжелесда бўлиб ўтди. 2018 йил 15 июнь куни у АҚШда «Disney Digital 3D», «Dolby Cinema», «Real D 3D», «IMAX», «IMAX 4D» ва «4DX» форматларида кинотеатрларда намойиш этилди.

Фото: «Decider»

Фильм ўз ижодкорларига 1 242 805 359 АҚШ доллари миқдорида даромад келтирди ва 2018 йилнинг энг кўп даромад келтирган тўртинчи анимацион фильмига айланди. Барча даврларнинг энг кўп даромад келтирган фильмлари рўйхатида 15-ўринни эгаллади. Шунингдек, мультфильм 76-«Олтин глобус» ва 91-«Оскар» мукофотларининг тақдирлаш маросимларида «Энг яхши анимацион фильм» номинациясига номзод бўлган.

5. «Минионлар». 2015 йилда «Illumination Entertainment» томонидан ишлаб чиқарилган ва «Universal Pictures» томонидан тарқатилган Америка компьютер анимацион комедик фильми. Фильм режиссёри Пер Коффин ва Кайл Балда, сценарий муаллифи Браян Линч, продюсери Крис Меледандри ва Жанет Хилидир.

Кадр: YouTube

«Минионлар» 2015 йил 11 июнда Лондонда дебют қилди ва 10 июлда Қўшма Штатларда эфир юзини кўрди. У 2015 йилда энг кўп даромад келтирган фильмлар рўйхатида 10-ўринни эгаллади. Мультфильмнинг «Minions: The rise of Gru» номли мантиқий давоми 2022 йил июль ойларида чиқарилиши режалаштирилган. Анимацион фильм ўз намойиши давомида жами 1 159 398 397 доллар фойда олиб келган.

6. «Ўйинчоқлар тарихи 4». 2019 йил 20 июнь куни премьераси бўлиб ўтган Америка компьютер анимацион фильми. Ушбу фильм «Pixar Animation Studio» томонидан ишлаб чиқарилган ва «Walt Disney Pictures» томонидан тарқатилган. Мультфильм режиссёри Жош Кули ҳисобланади. Фильм 2019 йилнинг энг кўп даромад келтирган фильмлари рўйхатида 6-ўринни ва барча даврларнинг энг муваффақиятли фильмлари рўйхатида 43-ўринни эгаллаган.

Фото: «Disney»

У умумий миқдорда 1 073 394 593 доллар даромад олиб келган. Ўзидан олдинги қисмлари сингари «Ўйинчоқлар тарихи 4» ҳам воқеалар ривожи, комедик хусусиятлари, анимация ва овозли актёрлик маҳорати учун кенг мақтовларга сазовор бўлган. 2020 йилда фильм «Энг яхши анимацион бадиий фильм» номинациясида «Оскар»ни қўлга киритган.

7. «Ўйинчоқлар тарихи 3: Буюк қочиш». «Pixar» томонидан ишлаб чиқарилган Америка тўлиқ метражли 3D компьютер анимацион фильми, «Ўйинчоқлар тарихи 2»нинг давоми. Фильм премьераси 2010 йил 17 июнда бўлиб ўтган. У 2010 йилнинг энг юқори даромад келтирган фильми ва миллиард доллардан ортиқ даромад олган биринчи мультфильм ҳисобланади.

«Ўйинчоқлар ҳикояси 3: Буюк қочиш» фильми Америка Кино санъати ва фанлари академиясининг 5 та мукофотига, жумладан, «Энг яхши фильм», «Энг яхши мослаштирилган сценарий» ва «Энг яхши овозли монтаж» номинацияларида номзодликка муносиб кўрилган. Мультфильм 1 066 969 703 доллар соф фойда келтирган бўлиб, дунёнинг энг сердаромад анимацион фильмларидан ҳисобланади.

8. «Жирканч камина 3». 2017 йилда «Illumination» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва «Universal Pictures» томонидан тарқатилган Америка компьютер анимацион комедик фильми. Режиссёр Пер Коффин ва Кайл Балда, продюсер ва персонажлар дизайнери Эрик Гуиллон ҳамда сценарий муаллифлари Цинко Пол ва Кен Даурио томонидан яратилган фильмда Стив Карелл, Кристен Вииг, Трей Паркер, Коффин, Миранда Косгроув каби актёр ва актрисалар овоз берган.

Фото: «AVforum»

«Жирканч камина 3» фильми 2017 йил 14 июнь куни Аннеси халқаро анимацион фильмлар фестивалида дебют қилган ва 30 июнь кунидан Қўшма Штатлардаги кинотеатрларда намойиш этила бошланган. У ўз ижодкорларига 1 034 799 409 доллар даромад олиб келган.

9. «Дорини излаб». «Disney»нинг «Pixar» студияси томонидан яратилган тўлиқ метражли компьютер анимацион фильми, «Немони излаб» фильмининг давоми. Мультфильмнинг АҚШдаги премьераси 2016 йил 17 июнда, Россиядагиси 16 июнда бўлиб ўтган. Фильмга Эндрю Стентон ва Ангус Маклейнлар томонидан режиссёрлик қилинган.

Кадр: YouTube

Мультфильм АҚШ анимациялари тарихидаги энг юқори даромад келтирган фильм бўлиб, мамлакат бўйлаб 486,3 миллион доллар ишлаб топди. Унинг глобал даромади 1 028 570 889 долларни ташкил қилади.

10. «Ҳайвонлар шаҳри». 2016 йилда «Walt Disney Pictures» томонидан ишлаб чиқарилган комедик жанрдаги Америка 3D компьютер анимацион фильми. Мултфильм «Walt Disney Animated Classic» сцерийасидаги 55-анимацион фильм ҳисобланади. Фильм шиори: «Шаҳар жунглисига хуш келибсиз».

Фото: «Yahoo News»

Мазкур анимацион фильм режиссёрлар Байрон Ховард ва Рич Мур томонидан яратилган бўлиб, унда улкан филлардан тортиб майда сичқонларгача турли хил ҳайвонлар яшайдиган замонавий шаҳар ҳақида ҳикоя қилинади. «Ҳайвонлар шаҳри» оддий 2D, «Disney Digital 3D», «Real D 3D» ва «IMAX 3D» форматларида 2016 йил 4 мартда чиқарилди.

Фильмнинг анимация, овозли актёрлик маҳорати ва сценарий, шунингдек, долзарб мавзуларини ёритганлик хусусиятлари олқишларга сазовор бўлган. Мультфильм бир қанча мамлакатларда рекорд даражадаги муваффақиятга эришган. Шунингдек, у 1 миллиард долларлик даромад маррасини (1 023 784 195 доллар) босиб ўтган 25-фильмдир. 2017 йилда мультфильм «Энг яхши анимацион фильм» номинациясида «Оскар»ни қўлга киритган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мультфильмлар миллиардлар билан дунёни забт этмоқда. Бизда бугунча шулар. Яна рейтинглашгунча!