Тошкент вилояти Янгийўл туманида қалбаки валюта тайёрловчи йигит ва унинг оиласи ушланди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари Янгийўл шаҳрида тезкор тадбир ўтказган. Унда 1993 йил Қашқадарёда туғилган фуқаро Янгийўл шаҳридаги уйида онаси ҳамда хотини билан қалбаки миллий валюта тайёрлаб келгани аниқланган.

Қайд этилишича, тадбир давомида улардан 19,6 миллион сўм миқдоридаги 196 дона қалбаки 100 минг сўмлик купюра, 2 та компьютер, 2 та рангли принтер, қоғоз кесиш ускунаси ва бошқа ашёвий далиллар расмийлаштириб олинган. Шунингдек, уларнинг яшаш хонадонида 1 дона пневматик тўппонча борлиги ҳам аниқланиб, тегишли тартибда олиб қўйилган.

Бундан ташқари, қалбаки валюта сотиб олиш учун келган Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи 1971 ва 1984 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар шахс ҳам ҳибсга олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада салкам 10 миллион сўм қалбаки пул ишлаб чиқарган эркак ушлангани ва Тошкент вилоятида сўмни қалбаки долларга айирбошлаган эркак қўлга олингани хабар қилинган. Шунингдек, Тошкент вилоятида қалбаки 100 минг сўмлик купюраларни сотаётганлар ушланганди.