Янгиликлар - 15:06 · 01.11.2021

АҚШ томонидан ўқитилган афғон разведка ходимлари ИШИДга қўшилмоқда

Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғани давридаги афғон хавфсизлик кучлари «Исломий давлат» террорчилик гуруҳига қўшилмоқда. Бу ҳақда «Wall Street Journal» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, улар орасида АҚШ томонидан тайёрланган разведка ходимлари, жосуслар, хавфсизлик кучлари ва ҳарбийлар бор. Газетанинг ёзишича, «Толибон» ҳаракати томонидан бўлган босим уларни ИШИД билан ҳамкорлик қилишга ундаган. Ҳозирча уларнинг сони нисбатан оз бўлса-да, манбаларга кўра, у ўсишда давом этмоқда.

Собиқ афғон ҳарбийси ҳамда «Толибон» вакили ИШИД Афғонистондаги янги ҳокимиятга қаршилик кўрсатишдан ташқари маош билан одамларни ўзига жалб қилаётганини қўшимча қилган. «Агар қаршилик бўлганида улар қаршиликка қўшилган бўлар эди», — деган собиқ разведка раҳбари Раҳматулла Набил. Унга кўра, ИШИД Афғонистонда «Толибон»га қарши курашаётган ягона қуролли гуруҳдир.

Аввалроқ ИШИД АҚШга қарши ҳужумга тайёрланаётгани айтилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати ИШИДга қарши операция ҳақида маълумот берганди.