Янгиликлар - 16:28 · 01.11.2021

Самарқандда поезд вагонидан 17,5 млн сўмлик темир шарлар ўғирланди

Самарқанд вилояти Нуробод туманида поезд юк вагонидан 1400 та темир шар ўғирланди. Бу ҳақда Вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Вилоят ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 2021 йил сентябрда «Мароқанд–Навоий» йўналишидаги юк поезди «Нурбулоқ» темир йўл бекатида тўхтаган вақтда номаълум шахслар вагондаги темир шарларни ўғирлаб кетган. Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор тадбир давомида ҳодиса Нуробод туманида яшовчи П.А. Т.О. ҳамда А.Т. томонидан содир этилгани аниқланган. Уларнинг уйидан 1410 дона темир шар топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўғирлик содир этган фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. ИИБ ўғирланган темир шарларнинг оғирлиги 1692 килограмм бўлиб, қиймати 17,5 миллион сўмни ташкил этишини қўшимча қилган.

Аввалроқ Бухорода қиз бировнинг уйидан 7 миллион сўмлик тилла тақинчоқ ўғирлаганди ва Тошкент вилоятида 3 эркак «Damas» ичидан 60 минг сўм ўғирлагани маълум қилинган.