Таҳлил - 22:29 · 02.11.2021

Аёлларга нисбатан зўравонликда уларнинг ўзи айбдорми? Мутахассис мулоҳазаси

Ўтган ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуси, шубҳасиз, Тошкент давлат педагогика университетида юз берган талаба қиз ва декан муовини ўртасидаги воқеа бўлди десак янглишмаган бўламиз. Тарқалган хабарларга кўра декан ўринбосари ўз ҳузурига кирган қизни зўрламоқчи бўлган, бундан қўрқиб кетган қиз эса ўзини хона деразасидан ташлаган. Яна бир хабарга кўра, уни декан муовини деразадан итариб юборган.

Ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) ва 105-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ю.Б.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда эса воқеага турлича муносабат билдирилди. Кимдир раҳбарни танқид қилса, бошқалар қизнинг ўзида ҳам айб борлигини айтди. Нима бўлганда ҳам воқеа тафсилотларини аниқлаш терговнинг, айбдорга жазо тайинлаш эса суднинг ҳукмига ҳавола.

«Bugun.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров ушбу ҳолат фонида ҳуқуқшунос Ўткир Холмирзаевга мурожаат қилиб, аёлларга нисбатан бўлаётган зўравонлик ҳолатлари, унинг сабаблари, оқибатлари ҳақида муносабат олди.

Фото: «AerialEamma»

Педагогика университетида содир бўлган тегажаклик омма эътиборини тортди. Ўтган вақт ичида аёлларга куч ишлатиш, зўрлаш (номусига тегиш) каби ҳолатлар ҳақидаги хабарлар ҳам шундай эътиборни тортганди. Аслида аёлларга тегажаклик қилиш (harassment), аёл-қизларга зўрлик ишлатиш (жисмоний ва руҳий), ҳатто зўрлаш жамиятимизда биз ўйлагандан кўра кўпроқ учрайдиган ҳодисалар. Ўзбекистонда бундай зўравонликлар кенг тарқалган бўлишига қарамасдан самарали ва тизимли ҳуқуқий, ижтимоий ва амалий чоралар кўрилгани йўқ. Бунга сабаб ҳодисаларга илмий ва тизимли ёндашувлар йўқлиги.

Воқеага нисбатан жамоатчилик муносабати ҳам турлича. «Қизнинг ўзи айбдордир (масалан калта кийим кийгандир, олдин ҳам бирга юргандир)», «икки томонни эшитмай гапирманглар, биринчи кўз сузгандир» каби жабрланувчини айбловчи қарашлар (Victim blaming) ҳам оз эмас. Жабрланувчини айблаш инсон хулқ-атворига хос когнитив хатолик ва пеш ҳукм. Бу Лернер ва Симманснинг машҳур тадқиқотларида ўз тасдиғини топган. Яъни, киши (тўғрироғи унинг мияси) бўлиб ўтган ёқимсиз (адолатсиз) ҳолатга таъсир ўтказишга ёки уни англашга чора тополмаганида ушбу ҳолатни мувозанатга келтирувчи механизм ишга тушади: қурбоннинг ўзи айбдор, у, масалан, ўша йигит билан бир хонага кирмаганида бундай ёмон ҳодиса бўлмасди. Бу билан кишида психологик тинчланиш, роҳат ҳолати юз беради, ҳаммаси адолатли экани тушунилади: калта кийим кийгани, ўзи йигит билан учрашиб юргани учун унга тегажаклик қилинган/зўрланган.

Бу хатолик стереотиплар ва мифларга айланиб кетади. Танқидий ва таҳлилий фикрлаш бўлмаса бундай қарашлар жамиятда носоғлом ва хавфли муҳит шаклланишига сабабчи бўлади. Ҳамма билиши керакки, қандай кийиниши, ахлоқий қарашларидан қатъий назар (фоҳиша бўлса ҳам) аёлга тегажаклик қилиш, зўрлик ишлатиш ва зўрлаш мумкин эмас. Ҳаттоки, аёл эркак киши билан жинсий алоқа қилишга келишиб, уйига боргандан кейин алоқага розилик бермаса унга нисбатан ҳар қандай зўрлик ишлатишни оқлаб бўлмайди. Бу ҳолатда аёлнинг шахсий ва жинсий дахлсизлиги бошқа бутун аёллар билан бир хил ҳимоя қилиниши лозим.

Аёлларга зўрлик ишлатиш

Эркаклар томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик сабаблари ва маъноси бўйича кўплаб тадқиқотлар бор. Ишончлироқларига кўра, бу физиологик ва эволюцион сабабларнинг турли маданий тушунчаларга кириб келиши. Масалан, аёл ҳомиладор бўлади ва бола туғиши керак. Бу эса уни ов, уруш ва бошқа жамоа учун муҳим тадбирларда иштирок этишдан тўсган. Оқибатда жамоанинг асосий ижтимоий-иқтисодий механизмлари эркаклар устунлигига олиб келган. Қолаверса эволюция эркак кишини жисмоний кучлироқ бўлишга тайёрлаган (у ҳомиладор бўлмайди, туғмайди, ов ва жанг қилади).

Фото: «Bugun.uz»

Репродуктив нуқтаи назардан ҳам кучлироқ эркакларга рағбат берилган (масалан, кучлилигини кўрсатиш орқали эркак аёл эътиборини жалб қилиши). Аслида бундай устунликлар инсон репродукциясини (кўпайишини) таъминловчи асосий иштирокчи — аёлнинг жамиятдаги ўрнини туширмаслиги керак эди. Лекин жисмоний ва ижтимоий устунлик омиллари аёлларга нисбатан эркак агрессиясини таъминлабгина қолмай қадимги жамиятлардаги маданиятлар (ахлоқ, кейинроқ динлар ва таълимотлар) бу устунликни легитимлаштиришга уринган (аёлларни уриш мумкин, улар эркакларнинг буйруқларига итоат этиши шарт ва ҳк.).

Шундай қилиб инсониятнинг бизга маълум тарихнинг барча даврларида асосий кўпчилик жамиятларда эркаклар устунлиги ҳукм сурган ва уларнинг аёлларга нисбатан агрессияси нормал қабул қилинган. Қачонлардир матриархат бўлгани ҳақидаги фикрлар илмий доираларда шубҳа остига олинади, чунки унга етарли далиллар мавжуд эмас.

Лекин бугунга келиб 20 асрда қарор топган инсон ҳуқуқлари қадриятларига кўра, шунингдек, технология ва жамиятлар эволюцияси натижаси ўлароқ эркакнинг аёлга нисбатан агрессияси ҳуқуққа ва ахлоққа хилоф, айрим ҳолатларда эса жиноят ҳисобланади.

Аёлларга зўрлик ишлатишнинг жисмоний, руҳий таъсир орқали, масалан уриш, сўкиш, зиддиятли муомала қилиш, гаплашмаслик, бирор ҳаракат қилиш учун рухсат бермаслик (кўчага чиқишга, онасини уйига боришга, ишлашга) каби минглаб усулларда амалга оширилади. Зўравонлик мутлақ кўпчилик ҳолатларда аёлнинг яқинлари, асосан эри, эрининг қариндошлари (масалан, қайнана) ва ўзининг қариндошлари томонидан содир этилади. Жисмоний куч ишлатиш, тан жароҳати даражасига қараб жиноят (ЖК 109, 105, 104-моддалари) ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик (МЖтК 52-моддаси) ҳисобланади. Ҳақорат эса маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши керак.

Энг муҳим жиҳати аёлларга нисбатан зўравонлик, гарчи тан жароҳати билан содир этилганда ҳам маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортишга етиб бормайди. Одатда аёлнинг (унинг қариндошларининг) кучсизлиги, энг кўп ҳолатларда эса жамиятдаги айрим қадриятлар (оила қадрияти, эрнинг устунлиги ва ҳк.) зўравонликни нормаллаштириш ва жазосиз қолишини таъминлайди. Лекин бундай зўравонлик яратган босим ва зўриқиш изсиз йўқолмайди, аксинча хавфни катталаштиради. Аёллар руҳий ҳолати ёмонлашади, оила институти заифлашади ва каттароқ зарар билан ажрашишга олиб келади, оиладаги болалар руҳий ҳолати ва мувозанатига шикаст етади, оилалар ўртасидаги зиддиятга сабаб бўлади, умумий хавфсизлик (инсонлар хавфсизлиги) заифлашади ва буларнинг барчаси катта ижтимоий, психологик ва иқтисодий йўқотишларни келтириб чиқаради. Ҳар ҳолда бундай натижа ҳақида етарли даражада ишончли тадқиқотлар мавжуд. [Burgess, R. L., & Akers, R. L. A differential association-reinforcement theory of criminal behavior. Social Problems. 1966. Б – 128–147; Brent Teasdale • Mindy S. Bradley. Preventing Crime and Violence. Springer International Publishing Switzerland 2017. Б. – 13.]

Зўравонликнинг асосий сабабларидан бири иқтисодийдир. Зўравонлик асосан камбағаллик, ишсизлик, етишмовчилик мавжуд муҳитда мунтазам юз беради. [Brent Teasdale • Mindy S. Bradley. Preventing Crime and Violence. Springer International Publishing Switzerland 2017. Б. – 21.]

Нима қилиш керак? Иқтисодий фаровонликни, аёллар таълими ва иш билан бандлигини таъминлаш керак. Қолаверса бундай зўравонликни, унга имкон берувчи маданий нормаларни қадрсизлантириш керак. Ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд бўлган тақдирда, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш керак.

Тегажаклик

Аёллар — ор-номусимиз, шаънимиз деб ҳисобланишига қарамай жамиятимизда тегажаклик кенг тарқалган. Кўчада, таълим муассасаларида, ишхоналарда аёлларга улар розилигисиз гап отиш, устидан кулиш, жинсий характердаги ҳаракатлар қилиш, айниқса лавозим ва моддий қарам аёлларга бошқача шаклда ғамхўрлик одатий ҳолга айланган. Тегажаклик (жинсий тегажаклик), кўпчилик мамлакатлардан фарқли равишда жиноят сифатида тақиқланмаган ҳам.

Фото: «Bugun.uz»

Тегажаклик кенг маъноли атама. Унинг энг ижтимоий хавфли кўриниши жинсий тегажаклик ҳисобланади. Унинг маъноси аёлга унинг розилигига қарши жинсий характердаги хатти-ҳаракатлар қилиш (қўл билан тегиниш, ўпиш, қараб туриш ва ҳк.), шантаж, таҳдид, (масалан, ишдан бўшатиб юбориш ёки лавозимини кўтариш, ойлигини камайтириш ёки кўтариш) ва бошқа шаклларда жинсий характердаги хулқ-атворга чақириш каби кўплаб ҳаракатларни ўз ичига олади.

Афсуски, Ўзбекистонда жинсий тегажаклик (унинг энг асосий кўринишлари ва ҳаракатлари ҳам) жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас. Жиноят кодекснинг 121-моддаси (Аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш) фақатгина жинсий алоқа қилишга мажбур қилишни тақиқлайди, лекин тегажакликнинг асосий ҳаракатларини қамраб олмайди.

АҚШда тегажаклик 1975 йилдаги қонун билан тақиқланиб, анча кенг талқин қилинади. Германия Жиноят кодекси 184(i)-моддасига кўра жинсий маънода бошқа шахснинг танасига тегиниш (розилигисиз) ёки бошқа шаклдаги тегажаклик жиноят ҳисобланади, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки жарима билан жазоланади.

Россия Федерацияси ҳам аллақачон жинсий тегажакликни ифодаловчи айрим ҳаракатлар, яъни шахсни жинсий характердаги хатти-ҳаракатлар содир этишга мажбурлаш РФ Жиноят кодекси 133-моддасига кўра жиноят сифатида эътироф этилган.

Лекин миллий қонунчиликда тегажакликни тақиқловчи (маъмурий ва жиноий) норма йўқлиги аёл шаъни, қадр-қимматини ҳимоясиз қолдирмоқда. Тан жароҳати етмаган бўлса тегажаклик ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик бўлмай қолади. Ваҳоланки бу ижтимоий хавфли қилмишдир ва у аёл шаъни ва соғлиғига зарар етказади. Оқибатда биз бу касаллик ривожланиб, жуда катта зарар етказилганда, кимдир бошқасини ёки ўзини ўлдирган, тан жароҳати етказгандагина хабар топамиз. Бу зўравонлик ва тегажакликка бўлган толерантлигимиз оқибати ва тўловидир.

Зўрлаш (номусга тегиш)

Статистик маълумотлар номусга тегиш жинояти бизнинг мамлакатимизда кам содир этилишини, аҳвол барқарор яхшилигини кўрсатади (номусга тегиш ва унга уриниш жиноятлари сони 2020 йилда 217). Лекин бошқа билвосита кўрсаткичлар (ажрашиш, ўзини ўлдириш, руҳий носоғломлик) ҳамда юқоридаги ёқимсиз толерантликни инобатга олсак мазкур статистика ишончсизлиги кўринади. Айниқса мана бу статистикага кўра номусга тегиш жиноятлари 2018 йилдан бошлаб аввалги йилларга қараганда бирданига 2 бараварга камайган (2015 йилда 590 та, 2016 йилда 447 та, 2017 йилда 380 та ва 2018 йилда 220 та, 2020 йилда 217 та). Бунинг сабаблари жиноятлар камайиши ёки кўпайиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар ойлик маоши, карьерасига таъсир қиладиган рағбатлантириш ёки жазолаш механизмлари билан боғлиқ деган хулосага келиш мумкин. Яъни жиноятлар камайгани йўқ, иш қўзғатиш камайган.

Кўпчилик биладики, бу ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатиш қийин. Кўп ҳолларда жабрланувчи айбдор бўлиб қолади, далиллар етарли эмаслиги учун иш қўзғатилмай ҳодиса баҳо берилмай қолиб кетади. Бу бўйича амалиётдаги мутахассислар ҳолатни яхши билишади.

Жиноят кодексининг 118-моддасида белгиланган номусга тегиш (зўрлаш деб ишлатиш ҳам мумкин) жинояти таркиби ҳам анча эскирган ва тор исботлаш стандартларини назарда тутади. Шу сабабли ҳам кўплаб зўрлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатиш мушкул бўлиб қолади, тергов органлари ҳам исботлаш ва айблашда қийинчиликларга дуч келади. Ушбу жиноят таркиби ва исботлаш механизмларини такомиллаштириш зўрлашларни камайтириш ва олдини олишга катта таъсир ўтказади. Соддароқ қилиб айтсак, зўрлаш (номусга тегиш) қачонки зўрлик ишлатилгани (ёки ожиз аҳволдалиги, қўрқитилгани) исботлангандагина жиноят бўлади. Табиийки, қўрқитилгани, зўрлик ишлатилганини исботлаш осон эмас. Шу сабабли зўрлаш кўп учрайдиган мамлакатлар, масалан Ҳиндистон аллақачон аёлнинг эркига қарши қоидаси (Against Her Will) билан бирга «унинг розилигисиз қоидаси» (Without Her Consent)ни қонунга киритган.

Бунда, жинсий алоқага аёл жисмоний қаршилик кўрсатмаган, қўрқитиш, алдов ва таҳдид остида бундай ирода билдирган лекин рози бўлмаган бўлса бу номусга тегиш деб топилади. Агар аёл унга нисбатан қўрқитиш, алдов ёки таҳдид ишлатилган ҳолда ва унинг розилигига қарши жинсий алоқа қилинган деб мурожаат қилса номусга тегиш бўйича иш қўзғатилади, бунда розилик бўлмагани презумпция сифатида назарда тутилади, яъни акси исботланмагунча бу розиликсиз деб ҳисобланади. Бизнинг қонунчиликка кўра эса эрк-иродага қаршилик қоидаси қўлланилади ва таҳдид жабрланувчи қаршилигини енгишга қаратилган аниқ ҳаракатлар тушунилади, яъни жисмоний зўрлик ишлатилиши аниқлигини ифодаловчи ҳаракатлар, сўзлар ва ҳ.к (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2010 йил 29 октябрдаги 13-сон қарори).

Аёлларни ахлоқига, кийинишига ва бошқа белгиларга кўра ажратиб ҳимоя қилиш, жабрланувчини айблаш каби маданий ва когнитив хатоларга қарши курашиш ҳам муҳим. Калта кийим кийган аёлни зўрлаш, тегажаклик қилиш мумкин ёки унга тегажаклик қилиш унчалик хавфли иш эмас, уларни зўрланишига ўзлари айбдор деб ҳисоблайдиган маданий меъёрлар қатъиян рад этилиши керак. Бу борада мазмунлар, қадриятлар тизими яратиш ҳамда жамиятни ўргатиш керак.Тушунишимизча, ҳозир бундай чоралар кўрилмаяпти, мазмун яратадиган манбанинг ўзи йўқдай кўринади.

Юқоридаги барча сабаблар, яъни жамиятда аёлларга зўравонлик қилиш, тегажаклик қилишни қўллаб-қувватловчи ёки толерант маданий меъёрлар, ҳуқуқий асосларнинг заифлиги, бу соҳада тизимли ва илмий асосланган чораларнинг йўқлиги жамиятнинг ярмидан кўпроғини ташкил қилувчи аёлларнинг анчагина қисмини кучли босим остида ҳимоясиз қолишига шароит яратмоқда. Ҳуқуқ нормалари, жиноят-ҳуқуқий сиёсатдаги камчиликлар (кўп жиноят бўлса ойлик камайтириш) ва исботлаш стандартларидаги нуқсонлар эса барча замон ва маконларда энг жирканч деб ҳисобланган жиноятни (зўрлашни) тергов қилиш ва жазолашга халақит бермоқда.

Бу билан жамиятнинг кўпчилик аъзоларининг эволюцион қадрланадиган соғлиги, ҳаёти ва шаъни ва қадр-қиммати (ижтимоий капитал) хавф остида қолмоқда. Бу ҳодисаларга жиддий курашмаслик оқибати яхши бўлмайди. Бундай босимлар жуда катта иқтисодий, ижтимоий, психологик йўқотишларга, хавфсизликнинг йўқотилишга, жамиятнинг ўзаро келишолмаслиги ва институтларнинг барбод бўлишига олиб келади. Адолатсиз жамиятда яшаш мушкул, унда на иқтисод, на илм-фан ривожланади.

Bugun — LIVE