Янгиликлар - 18:02 · 02.11.2021

Ўзбекистонда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселекторда маълумот берилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш чоралари кўриб чиқилган. Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, бундан буён экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларига шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари масъул бўлиши айтилган. Бундан ташқари, 2 ноябрдан 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилинган.

Йиғилишда, шунингдек, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида 16 миллион тупдан, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғонада 15 миллион тупдан, Қорақалпоғистон, Навоий, Сирдарё, Хоразмда эса 14 миллион тупдан кўчат экилиши айтилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 115 миллиондан ортиқ турли хилдаги дарахт экилиши айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда бир дарахтни ноқонуний кесган фуқаро 100 туп кўчат экиши маълум қилинган.

Bugun — LIVE