Мактаб учун энг кўп ва энг кам маблағ ажратилган ҳудудлар номи маълум қилинди
Шунингдек, маблағ ажратилмаган ҳудудлар номи айтилди
Ўзбекистонда маҳаллий бюджетдан мактаб таълимини ривожлантириш учун энг кўп ва энг кам маблағ ажратган ҳудудлар номи маълум қилинди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот котиби хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳудудлар номи 2021 йилнинг 3 ноябрь куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида умумтаълим муассасалари рейтингини эълон қилишга бағишланган матбуот анжуманида очиқланган. Қайд этилишича, 2020 йилда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 100 фоиз мактаблар бўйича бир нафар ўқувчига ўртача 30 минг 230 сўм харажат ажратилган.
Таъкидланишича, ҳудудлар бўйича Андижон вилояти (95 260 сўм), Қорақалпоғистон Республикаси (86 350 сўм) ва Тошкент шаҳри (46 080 сўм) энг фаол экани маълум бўлган. Қуйи ўринларда эса Жиззах (9 940 сўм), Самарқанд (9 260 сўм), Наманган (6 960 сўм) вилоятлари қайд этилган.
Туман (шаҳар)лар бўйича Нукус тумани (344 400 сўм), Қораўзак (254 800 сўм), Яккасарой (227 600 сўм), Бўстон (212 400 сўм), Булоқбоши (209 600 сўм) туманлари энг кўп маблағ ажратган.
Шу билан бирга, 22 та туман (шаҳар)да мактаб таълими учун ҳокимликлар томонидан маблағ ажратилмаган. Уларга Арнасой, Бахмал, Мирзачўл, Янгиобод, Боёвут, Оқолтин, Сардоба, Чуст, Норин, Уйчи, Наманган, Данғара, Сўх, Тошлоқ, Фарғона, Денов, Музработ, Қумқўрғон туманлари ва Жиззах, Урганч, Ангрен, Термиз шаҳри киради.
Қайд этилишича, рейтинг натижаси таълим ташкилотига ва ҳудудларнинг 2020 йилдаги фаолиятига баҳо беради. Ундаги маълумотлар 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра қайд этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда эмланган талабаларга чегирма бериш муддати узайтирилгани ва Ўзбекистонда 3-курс талабалари ҳам мактабда дарс бериши мумкин бўлгани маълум қилинган.