Ўзбекистонда ковидга чалиниш кескин ошиб, ўлим ҳолати кўпайгани айтилди
Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда коронавирусга чалиниш кўраткичи кескин ошгани ҳақида хабар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, айрим Telegram каналларда коронавирус мавзусида аудиоёзувлар тарқатилган. Овозли хабарлардан бирида тиббиёт ходими ковидга чалиниш ҳолати кескин кўпайиб кетгани, қабулхоналарда оёқ қўйишга жой йўқлиги, ҳатто янги блок очилаётгани, қолаверса, ўлим кўрсаткичи ошиб бораётгани ҳақида гапирган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида овозли хабар эгасини топиб, у билан суҳбатлашган.
«Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида эпидемиолог бўлиб ишлайман. Бу овозли хабарни 2021 йилнинг июнь ойи охирида телеграмдаги эпидемиолог ҳамкасбларимиз учун тор доирада очилган гуруҳда қолдиргандим. Ўшанда юртимизда, ҳақиқатан ҳам, пандемиянинг янги тўлқини авж ола бошлаган оғир пайт эди. Аммо қандай қилиб бу аудиоёзув тарқалиб кетгани ва нега орадан тўрт ойдан зиёд вақт ўтиб эълон қилинганига ўзим ҳам ҳайронман. Чунки ҳозир хасталикка чалиниш кўрсаткичи ўша пайтдагига нисбатан анча пасайган. Ўзим ишлаётган шифохонадаям касалланганлар оқими сезиларли даражада камайган», — деган аудиоёзув эгаси Нилуфар Умарова.
Таъкидланишича, жараён давомида вазирлик Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси мутасаддилари билан ҳам боғланган. Шифохона директорининг ўринбосари Ҳилола Алимованинг сўзларига кўра, 2021 йил июль–август ойида муассасада 2 мингга яқин бемор даволанган. Ҳозир эса 1100 нафар киши муолажа қилинмоқда. Кунига 80–90 нафар бемор қабул қилиниб, ётқизилмоқда. Кўрсаткич кундан-кун камаяётган бўлиб, ҳолат стабилдир.
Аввалроқ қандай ҳолларда коронавирусга қарши вакцина олмаслик мумкинлиги ва Нурмат Отабеков мамлакатдаги эмлаш тадбирлари натижасини маълум қилгани ҳақида хабар берилган.