Қашқадарёда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб «Nexia» пастликка ағдарилди — видео
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 2 ноябрь куни ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб «Nexia» пастликка ағдарилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, соат 10:30 атрофида туманнинг Ҳалқаобод қишлоғи ҳудудида содир бўлган. Аниқланишича, 22 ёшли ҳайдовчи Д.Б. «Nexia» автомобилида ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган ва йўл четига чиқиб кетиб, пастликка ағдарилиб кетган. Оқибатда машина салонида бўлган 19 ёшли йўловчи тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Чироқчи тумани ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода юк машинаси бетон тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Тошкентда трактор тиркамаси «Cobalt» устига ағдарилгани маълум қилинган.