Самарқандда «снос»га тушган ҳудудда қадимий қабртошлар топилгани айтилмоқда — фото
Самарқанд шаҳрида аэропорт яқинидаги «снос»га тушган ҳудудда олиб борилаётган қазиш ишлари пайтида тупроқ остидан қадимий қабртошлар топилгани айтилган хабар ижтимоий тармоқда тарқалди. Мазкур хабар юзасидан Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати «Bugun.uz»га изоҳ берди.

Қайд этилишича, Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси мутахассислари жойига чиқиб, вазиятни ўрганиши натижасида дастлабки хулосаларни эълон қилган. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропорти МЧЖ ходимлари маълумоти асосида аэропорт ҳудудини реконструкция қилиш жараёнида олдинги дала-ҳовлилар ўрнида аниқланган қабртошлар Самарқанд археология институти ва СамДУ тарих факультети ходимлари томонидан бориб ўрганилган.
«Ўрганиш жараёнида ўлчами 154х50х34 сантиметрли сандиқ шаклидаги қабртош оқ мармардан ишлангани, тошнинг усти ва ён томонида ‘Бақара’ сурасининг 254, 256-оятлари туширилгани маълум бўлди. Қабртошнинг айрим қисмлари яхши сақламагани шахснинг дафн этилган вақти ва тўлиқ исм-шарифи ҳақида маълумот олиш жараёнини мураккаблаштирмоқда. Дастлабки кўздан кечириш натижасида унда ‘Оқила биби’ деб ёзилгани аниқланди.


Иккинчи қабртош ҳам сандиқ шаклида бўлиб, қора мармар тошдан ишланган, унда ҳижрий 1049 (1659) йил санаси битилган, ўлчами 116х37х25 сантиметр. Қабртош соҳибининг исми ёзилган томонига шикаст етгани сабабли ҳозирча бу борада маълумот мавжуд эмас. Айни вақтда тадқиқот ишлари давом этмоқда», дейилади хабарда.

Шунингдек, қабртошлар Самарқанд халқаро аэропорти МЧЖ томонидан Самарқанд ўлкашунослик музейига олиб келинган ва тадқиқот ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга, Маданий мерос агентлиги ўрганиш якуни бўйича батафсил маълумот берилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухородаги қишлоқда неолит даврига оид устахона топилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қизилқум чўлида неолит даврига оид янги ҳудуд топилгани ва Бухорода қум остида қолиб кетган қадимий иншоот аниқлангани маълум қилинган.