Тошкентда «Lacetti» симёғочга урилиб, ёниб кетди — видео
Тошкент шаҳар Олмазор туманида 2 ноябрь куни «Lacetti» ҳайдовчиси машина бошқарувини йўқотиб, симёғочга урилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса соат 23:00 атрофида ТХАЙ кўчасида содир бўлган. Ҳайдовчи И.М. «Lacetti» русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган ва йўл ўртасидаги симёғочга урилган. ЙТҲ оқибатида машинада ёнғин юзага келган. Ўз навбатида, ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.
Таъкидланишича, ҳодиса оқибатида ҳайдовчига шифохонада биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Олмазор туман ФВБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда «Spark» 65 ёшли фуқарони уриб юборгани ва Қашқадарёда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб «Nexia» пастликка ағдарилгани маълум қилинган.