Янгиликлар - 9:45 · 03.11.2021

Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги уруш эҳтимоли баҳоланди

Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги чегара ҳудудларида кучайиб бораётган кескинлик икки ядровий давлат ўртасидаги урушга айланиб кетиши эҳтимоли ҳозирда жуда паст. Бу ҳақда Нью-Деҳлидаги Жавоҳарлал Неру университети профессори Шрикант Кондапалли «Lenta»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: «South China Morning Post»

Унинг сўзларига кўра, бўлиб ўтган сўнгги музокара давомида Ҳиндистон ва Хитой Ладах водийсидан қўшинларни олиб чиқиш бўйича келишувга эриша олмаган ва давлатлар ўз контингентини назорат чизиғи бўйлаб жойлаштиришда давом этган.

«Ҳар қандай маҳаллий тўқнашувларни ҳозирча тасаввур қилиш қийин, чунки иккала томон ҳам қўшинларни сезиларли даражада оширишда давом этмоқда», — дейди Кондапалли. 

Бундан ташқари, профессорнинг қайд этишича, Ҳиндистон ва Хитой ядро қуроли қўлламаслигини маълум қилган бўлса-да, ҳар икки давлат етакчилари улардан фойдаланиш эҳтимолини истисно қилмаган. Таъкидланишича, айнан юқоридаги сабаблар асосида сиёсатшунос Деҳли ёки Пекин ҳозирги шароитни ҳисобга олган ҳолда урушга киришмаслигини айтган.

Аввалроқ Хитой Халқ озодлик армияси ғарбий жанговар қўмондонлиги вакили Лун Шаохуа Ҳиндистон билан чегарадаги вазият ҳақида маълумот берганди.  Унинг сўзларига кўра, томонлар 10 октябрь куни Чушул–Молдо ҳудудида чегара музокарасининг 13-раундини ўтказган. Ҳиндистоннинг асоссиз талаби чегара масаласи бўйича Хитой билан музокарада қийинчилик туғдираётгани айтилган.

Лун Шаохуанинг айтишича, айни пайтда чегарадаги вазият нормал ҳолатда бўлиб, томонлар бир-бирига қарши ҳеч қандай ноўрин ҳаракатлар қилмаяпти. «Музокаралар чоғида Хитой томони чегарадаги вазиятни енгиллаштириш ва тўхтатишга ёрдам бериш учун кўп ҳаракат амалга оширди ва самимийлигини тўлиқ намойиш этди. Бироқ Ҳиндистон томони ҳали ҳам асоссиз ва реал бўлмаган талаблар қўймоқда, бу эса музокарани мураккаблаштиради», — дея очиқлаган қўмондонлик вакили.

Маълумот ўрнида, Хитой Ҳиндистон билан чегарада ҳарбий кучини ошираётгани маълум қилинганди. Таъкидланишича, Хитой ҳарбий кучларининг чегара бўйлаб кучаяётгани ва тобора кўпаяётгани Ҳиндистон ҳукуматини хавотирга солмоқда. Хитойнинг барча ҳаракатлари эса диққат билан кузатилмоқда.

Генералнинг сўзларига кўра, агар Хитой армияси иккинчи қишга қадар кучайишда давом этса, бу Покистон билан ғарбий фронтда бўлгани каби назорат чизиғи ўрнатишга олиб келиши мумкин.

Аввалроқ Ҳиндистон Хитой билан чегарасига қўшимча ҳарбийлар жойлаштирган. Шунингдек, АҚШ глобал масалада Хитойга мурожаат қилганди.