Ўзбекистон олийгоҳлари миллий рейтинги эълон қилинди
Тошкентда 4 ноябрь куни бўлиб ўтган тадбирда Таълим инспекцияси томонидан мамлакатдаги миллий олий таълим муассасалари рейтинги эълон қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, миллий рейтинг натижалари олий таълим муассасалари соҳавий мансублигидан келиб чиқиб, қуйидагилар бўйича тайёрланди:
1) ижтимоий-гуманитар соҳа ОТМлари — 29 та;
2) техника ва қишлоқ хўжалиги соҳаси ОТМлари — 19 та;
3) медицина соҳаси ОТМлари — 9 та;
4) маданият, санъат ва спорт соҳаси ОТМлари — 5 та.
Ижтимоий-гуманитар соҳа ОТМларида етакчи ўринларни Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент молия институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси эгаллади. Сўнгги ўринларни Навоий давлат педагогика институти, Нукус давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти, Жиззах давлат педагогика институти эгаллади.
Техника ва қишлоқ хўжалиги соҳаси ОТМларида етакчи ўринларни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Навоий давлат кончилик институти, Тошкент ахборот технологиялари университети; сўнгги ўринларни Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Фарғона политехника институти, Самарқанд ветеринария тиббиёт институти эгаллади.
Медицина соҳаси ОТМларида етакчи ўринларни Тошкент тиббиёт академияси, Бухоро давлат тиббиёт институти, Тошкент педиатрия тиббиёт институти; сўнгги ўринларни Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти, Қорақалпоғистон тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти эгаллади.
Маданият, санъат ва спорт соҳаси ОТМларида етакчи ўринларни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Миллий рассомчилик ва дизайн институти;
сўнгги ўринларни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат хореография академияси эгаллади.
Умумий рейтингда етакчи ўринларни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд давлат университети, Тошкент молия институти; сўнгги ўринларни Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти, Навоий давлат педагогика институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Нукус давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти эгаллади.
Аввалроқ Президент 2030 йилгача олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказилишини маълум қилганди. Шунингдек, олий таълим ҳамма учун бепул бўлиши эҳтимоли ҳақида мутахассис фикр билдирганди.