Ўз метрополитенига эга бўлиш дунё бўйлаб барча катта шаҳарларнинг ўзига хос белгиси, хусусияти ҳисобланади. Дарҳақиқат, бундай транспорт тури фақат ўта замонавий мегаполисларга хос дейиш мумкин. Тезлик ва қулайлик метрополитен тизимининг энг муҳим афзалликларидан бири ҳисобланади. Метро поездларнинг ўртача тезлиги бутун дунё бўйлаб соатига 80 километрни, ташиш қобилияти соатига 60 минг йўловчини ташкил қилади.

Дунёдаги ҳамма яратиқлар каби метролар ҳам ўзига хос тарихига эга. Илк фойдаланилган метро тузилмалари ташқи кўриниши жиҳатидан бугунгиларига унчалик ҳам ўхшаш бўлмаган, аммо ўзига хос тарихий даврни босиб ўтиб, «омон қолгани» сабабли улар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бундай метролар нафақат йўловчилар, балки сайёҳларнинг ҳам севимли манзилларидан ҳисобланади. Бугунги рейтингимизда сиз билан дунёнинг энг қадимий метрополитенлари ҳақида гаплашамиз.

1. Лондон метроси, Буюк Британия (1863 йил)

Дунёдаги энг қадимги метро Лондонда ишга тушди. Гарчи мазкур ихтиро ғояси француз муҳандиси Марк Брунелники (1818 йилда у ер остида туннель қуриш мумкинлиги ғоясини илгари сурган) бўлса ҳам, биринчи метрополитен эгаси бўлган мамлакат деган мақомга Буюк Британия эга чиқди. Темир йўл саноатининг жадал ривожланиши ер остида ҳам жамоат транспортлари ҳаракатини йўлга қўйиш мумкинлигини кўрсатди. Бу даврга келиб тирбандлик муаммосини фақат шу йўл билангина ҳал қилиш мумкин бўлиб қолганди.

Фото: «Shutterstock»

Лондон метросининг қурилиши лойиҳаси 1855 йилда тасдиқланган, аммо маблағ йўқлиги сабабли бир неча йилга кечиктирилган. Ниҳоят, 1863 йилда метро линияси очилади, ўша пайтда унинг узунлиги 6 километр, станциялари сони 7 та эди. Ҳозирда Лондон метроси дунёдаги энг катталаридан бири ҳисобланади. У 402 километрлик 14 линия ва 270 станцияни ташкил қилади. Йиллик йўловчи ташиш ҳажми 1,384 миллион кишига тенг.

2. Нью-Йорк метроси, АҚШ (1868 йил)

Нью-Йорк метроси илк бор ерости шаҳар транспорт линиясида иш бошлаган. Тўққизинчи авеню эстакада чизиғи 1940 йилгача мавжуд бўлган ва кейинчалик бузиб ташланган. Шаҳарда биринчи ерости иншоотлари 1904 йилда очилган.

Фото: «New York Post»

Бугун метро ўзининг илк ташкил қилинган пайтига қараганда тубдан ўзгарган ва станциялар сони бўйича дунёдаги энг йирик метрога айланган. Метрополитен темир йўлининг узунлиги 1370 километрни ташкил қилади. Нью-Йорк метросининг яна бир афзаллиги шундаки, у кеча-ю кундуз ишлайди.

3. Афина метроси, Греция (1869 йил)

Бу тузилма, аслида Афина метроси эмас, оддий паровоз қатнайдиган қуруқликдаги темир йўл эди. Бу ерда биринчи ерости туннели орадан 20 йил ўтиб қурилган. Ўшандан бери бу йўл метро деб аталади. 2000 йилда мазкур транспорт тармоғи модернизация қилинди ва унинг иккинчи ва учинчи линиялари қурилиб, метро замонавий қиёфа касб этди. Мазкур метрополитеннинг умумий узунлиги 84,5 километрни ташкил этади.

Фото: «WhyAthens»

Афинадаги метро станциялари нафақат йўловчи, балки маҳаллий ва хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотади, чунки улар жуда ғайриоддий тарзда безатилган. Хусусан, метронинг модернизацияси жараёнида бу ердан кўплаб қадимий буюмлар топилган. Уларнинг барчаси музейларга тақдим этилган. Метрополитенда поезд кутиш маҳалида йўловчилар жуда кўплаб қизиқарли нарсани кўриши мумкин.

4. Истанбул метроси, Усмонлилар империяси (1875 йил)

Истанбулда бир нечта метро линияси мавжуд. Шулардан замонавий метро линияси 2000 йилда барпо қилинган, аммо антик даврни севувчилар унга у қадар ҳам қизиқиш билдирмайди. Бу ерда одатда туристларнинг эътиборини туннель фуникулёри (кабель автомобили) тортади. Бу тармоқ узунлиги 573 метрни ташкил қилади.

Истанбулда 1875 йилда иккита станцияга асос солинган. Метро иккита линиядан иборат бўлиб, уларда ҳаракатланадиган иккита поезднинг ҳар бири ёғоч корпусли бир жуфт вагонга эга. Ушбу метро темир йўли ҳали ҳам ишламоқда. Уни қайта қуриш ишлари 1971 йилда амалга оширилди. Чизиқ битта йўлга айлантирилди ва электр тортиб келинди.

5. Чикаго метроси, АҚШ (1892 йил)

Қўшма Штатлардаги иккинчи энг қадимги метро ҳисобланувчи Чикаго метрополитени ХIХ аср транспорт инқилоби даврининг муҳим ҳодисаси эди. Бу метрополитенга асос солиниши тарихи ҳам ғаройиб. Бу даврда вино омбори эгалари — тадбиркорлар юк ташиш масаласида муаммоларга дуч кела бошлади ва мазкур муаммони ҳал қилишга қарор қилинди. Шу тариқа акциядорлик жамияти тузилди ва метро қурилиши бошлаб юборилди.

Фото: «Wkimedia»

Чикаго метрополитенидаги биринчи йўловчи поезди 1892 йилда ишга туширилган. Эндиликда мазкур метро шаҳар аҳолисининг ҳақиқий фахрига айланди. Мазкур тармоқ дунёдаги энг қадимгиларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, у рекорд узунликка эга (360,7 километр). Метро саккизта линия, 144 та станция ва катта йўловчилар оқимига эга. Метронинг энг қадимги участкалари ҳанузгача сақланиб қолган, аммо таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Молиявий масалалар ортидан муаммо ҳанузгача ҳал этилмаяпти.

6. Ливерпуль метроси, Буюк Британия (1893 йил)

Буюк Британия тарихидаги иккинчи энг қадимий метрополитен Ливерпуль метроси ҳисобланади. 1893 йил Ливерпуль тарихида электрда ҳаракатланувчи поездларга эга темир йўл очилиши билан эсда қолади. Аслида бу траспорт воситаси метро ҳам эмас, лекин у бизнинг рейтингимиздан битта оддий сабабга кўра ўрин оляпти — унинг баъзи йўллари ер остидан ўтади (Дангле станцияси).

Фото: «Subways.net»

Йўл Иккинчи жаҳон уруши пайтида жиддий шикастланди. Бундан ташқари, ушбу тузилма коррозияга жуда заиф бўлиб қолди ва шу сабабли 1956 йилда ёпилди. Темир йўл поездларидан бири ҳозирги кунгача сақланиб қолган, у Ливерпуль музейига юборилган. Туннелнинг бир қисми 2012 йилда қулаб тушган бўлиб, энди у ерга боришнинг иложи йўқ.

7. Будапешт метроси, Австрия-Венгрия империяси (1896 йил)

Поездлари электр тортиш тизимида ҳаракатланадиган биринчи метро линиясини қуриш ғояси 1870 йилда расмийлар томонидан қабул қилинган. Чунки бу даврга келиб шаҳар аҳолиси аста-секин ўсиб бораётган ва мавжуд транспорт тизими энди бунчалик кўп йўловчига дош бера олмайдиган ҳолатга келган эди.

Биринчи линияга икки йил ичида асос солинди. Метро мунтазам равишда модернизация қилинди ва 1950 йилда иккинчи линия қурилиши бошланди. Айни пайтда метрополитенда 4 та линия ва 52 та бекат мавжуд. Будапешт метроси дунёдаги энг қулайларидан биридир, чунки тизим бутун шаҳарни қамраб олади. Гарчи йўловчи ташиш кўрсаткичи бўйича аллақачон барча рекордларни янгилаган бўлса-да, келгусида метронинг тўртинчи линиясини узайтириш ва бешинчи линияни ётқизиш режалаштирилган. Ҳар куни 1,2 миллионга яқин одам метродан фойдаланади.

8. Глазго метроси, Буюк Британия (1896 йил)

Глазгодаги метро линияси дунёдаги энг қадимгиларидан бири ва шаҳардаги ягонаси ҳисобланади. Бу эса шаҳарнинг мураккаб муҳандислик-геологик шароити — сувга тўйинган қумли, тупроқли ерлари билан боғлиқ. Метрополитенни барпо қилиш тезлиги жуда секин эди, бошланган ишни якунлаш учун 15 йил керак бўлди.

Фото: «Green World»

Метро линияси узунлиги 10,5 километр, овал шаклда бўлиб, 1896 йилдан бери ўзгармаган. Аммо бугун метронинг ички қиёфаси 100 йил аввалгидан бутунлай фарқ қилади. Метронинг биринчи поездлари 1977 йилгача хизмат қилган. Бугун унинг кунлик йўловчи ташиш ҳажми 36 минг кишини ташкил қилади.

9. Бостон метроси, АҚШ (1897 йил)

Бостонда метро қурилиши рад этиб бўлмайдиган талаб эди. Бунга Тремонт кўчасидаги трамвай тирбандлиги сабаб бўлди. Бу кўча чизиғи бўйлаб ерости туннелининг бир қисми қурилиб, очиқ усулда ётқизилди. 1897 йил июнь ойида Бостон аҳолиси аллақачон метродан фойдаланиш имкониятига муваффақ бўлди ва бир йилдан сўнг темир йўлнинг яна 11 қисми қуриб битказилди.

Фото: «Railway News»

Замонавий Бостон метроси тўртта линиядан иборат. Улар шаҳарнинг марказий қисмида ер остига, чекка ҳудудларда эса ер юзасига чиқади. Метронинг «Bolyston» станциясида музей фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, қизиқувчилар у ерда Бостон метросининг тарихи билан танишиши мумкин.

10. Париж метроси, Франция (1900 йил)

Парижда метро қуриш ғояси 1898 йил март ойида илгари сурилди. Лойиҳа ташаббусчи Фулженс Биенвену ҳокимиятдан рухсат олиш ва инвесторлар топишда катта қийинчиликларга дуч келди. Октябрь ойида қазиш ишлари бошланди ва орадан икки йил ўтиб, Порт Маё ва Порт де Винсенни боғлайдиган биринчи линия очилди.

Метро йўловчилари сони жуда кўп эди. Ундан бир неча ой ичида 17 миллион киши фойдаланди. Бу ўша давр учун рекорд кўрсаткич эди. Мазкур метро йўналиши ҳали ҳам мавжуд бўлиб, у Франциядаги энг гавжуми ҳисобланади. Линиядан ҳар куни 150 минг кишигача фойдаланади. Яна бир қизиқарли факт — Парижда метро қурилиши ҳақидаги биринчи музокаралар 1945 йилда бўлиб ўтган, аммо шаҳар аҳолисининг аксарияти бу таклифни қўллаб-қувватламаган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Тошкент метрополитенига 1977 йил 6 ноябрда асос солинган. Ойлик ташиш кўрсаткичи 320 минг, йиллик йўловчилар сони 116,2 миллион кишига тенг. 4 линия, 43 та станциядан иборат, узунлиги 59,5 километрга тенг.

Фото: «Bugun.uz»

Бизда ҳозирча шулар. Яна рейтинглашгунча!