Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, суҳбат аввалида Озарбайжон президенти давлат раҳбарини мамлакатда ўтган президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан самимий қутлаб, Ўзбекистон халқининг фаровонлиги ва равнақини таъминлаш борасидаги фаолиятига катта муваффақият тилаган.

Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Озарбайжон раҳбари ва биродар халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам — Ғалаба куни билан самимий муборакбод этиб, тинчлик-осойишталик ва бардавом тараққиёт тилакларини изҳор этган.

Ўзбекистон–Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Етакчилар ўзаро савдо кўрсаткичлари барқарор суръат билан ўсаётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳалар сони ортаётганини катта мамнуният билан қайд этган. 2021 йилда Хожиқабул шаҳрида автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, қишлоқ хўжалиги ва ипакчиликда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар муваффақиятли кооперацияга мисол экани таъкидланган.

Маълум қилинишича, келгуси ойда Боку шаҳрида Ўзбекистоннинг миллий саноат кўргазмаси ўтказилади. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўрилмоқда.

Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик, шу жумладан, пойтахтлар ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масалалари кўриб чиқилган. Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудида қўшма маданий-гуманитар тадбирларни мунтазам ўтказиб туриш муҳим экани қайд этилган.

Президентлар минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатлари, шу жумладан, Туркий кенгашнинг бўлажак саммити кун тартиби юзасидан фикр алмашди. Олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хитой раиси билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент Покистон бош вазири Имрон Хон билан телефон орқали мулоқот қилгани очиқланган.