Тошкентда «ГАИ» ҳайдовчининг ҳужжатларини юзига отди — видео
ЙҲХББ ҳолат юзасидан изоҳ берди
Тошкент шаҳрида йўл-патруль хизмати ходими ҳайдовчининг юзига ҳужжатларини отиб кетгани айтилди. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 3 ноябрь куни соат 19:50 атрофида Шайхонтоҳур тумани А.Навоий ва Лабзак кўчалари кесишган чорраҳада хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Б.С. томонидан «Matiz» русумли автомобиль ҳайдовчиси пиёдаларга йўл бермагани боис тўхтатилган. Ўзаро мулоқот вақтида ҳайдовчи эътирози борлигини айтган. Видеода ходим ҳужжатларни ҳайдовчининг қўлига бермай, автомобиль салонига ташлаб кетгани акс этган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХББ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув давомида видеода акс этган барча ҳолат ҳамда ЙПХ ходимининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади.
Таъкидланишича, юқоридаги ҳолат юзасидан 4 ноябрь куни ҳайдовчининг қоидабузарлиги исботланиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Аввалроқ Тошкентда ҳайдовчи ва ИИБ ходимлари ўртасида тортишув содир бўлгани, Фарғонада автоблогер ва «ГАИ» ўртасида тортишув юзага келгани, шунингдек, Тошкентда «ГАИ» ҳамда ҳайдовчи тортишиб қолгани хабар қилинган.