Янгиликлар - 9:07 · 07.11.2021

Ироқ бош вазирига суиқасд уюштирилди — видео

Ироқ бош вазири Мустафо ал-Қадимийнинг қароргоҳига портловчи моддалар ортилган камикадзе учувчисиз самолёти ҳужум қилди. Бу ҳақда Ироқ армияси маълумотига таяниб, «BBC» хабар берди.

Фото: «The Times of Israel»

Маълум қилинишича, расмий манбалар бош вазир жароҳат олмаганини таъкидлаган. Ироқ ҳарбийлари бош вазирга суиқасд Бағдоддаги «яшил зона» деб белгиланган ҳудудга дрон ҳужуми орқали амалга оширилганини маълум қилган. Ал-Қадимий ўзи эса Twitter саҳифасида тирик ва соғлом эканини қайд этган.

«Мен яхшиман, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин ва Ироқ учун барчани хотиржамлик ва вазминликка чақираман», — дейилган бош вазир хабарида. 

Ироқнинг «Shafak» агентлиги махсус хизматлардаги манбаларига таяниб, суиқасд оқибатида бош вазирнинг уч нафар қўриқчиси яраланганини хабар қилган.

Ироқ ҳукуматининг икки амалдори «Reuters» агентлигига бош вазирнинг қароргоҳида камида битта портлаш содир бўлганини ва бош вазирга зарар етмаганини тасдиқлаган.

Маълумот ўрнида, Бағдоднинг қаттиқ қўриқланадиган «яшил зонаси»да давлат идоралари ва хорижий элчихоналар жойлашган. Ҳозирча ҳеч ким суиқасд учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Аввалроқ Саудиялик собиқ разведкачи валиаҳд шаҳзодани унга нисбатан суиқасдда айблагани ва Кариб денгизидаги мамлакат бош вазири намойиш пайтида жароҳатлангани маълум қилинган.