Ўзбекистонда 10 ойда режадан ортиқ ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилди
АОКАда 8 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Сарвиноз Аҳмедова 2021 йилнинг 10 ойида мамлакатда ипак ишлаб чиқариш ҳажми режадагидан ортиқ бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 10 ойи мобайнида 1981,5 тонна xом ипак (ўсиш суръати 117 фоиз), 787,9 тонна ипак момиғи (127 фоиз), 679,6 тонна эшилган ипак ип (125 фоиз), 7628,9 минг погано метр ипак мато (125 фоиз), 285 дона ипак гилами (316 фоиз), 779 минг дона ипакли тайёр кийим–кечак (143 фоиз) ишлаб чиқарилган.
Республикада 2021 йилда 22,4 минг тонна пилла етиштириш режа-топшириғи белгиланган бўлиб, амалда 22,7 минг тонна пилла хомашёси етиштирилди Бу эса прогнозга нисбатан 101,3 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, ўтган йилга нисбатан ўсиш кўрсаткичи 164 фоизни ташкил этгани таъкидланди. 2020 йилнинг 10 ойи давомида 35,1 миллион долларни ташкил этган бўлиб, 2021 йилнинг 10 ойлигида пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан ипак маҳсулотлари экспорти 57,8 миллион доллар миқдорини ташкил этгани қайд этилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда пиллачилик соҳасида кўчма қуртхоналар ташкил қилиниши айтилганди. Шунингдек, Президент халқаро тадбирларда аёллар кийимида ипак матолардан фойдаланиш бўйича топшириқ берганди.