Қўқондаги меҳрибонлик уйларидан бири ёпилди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 12-меҳрибонлик уйида тарбияланувчи қолмагани учун ёпилди. Бу ҳақда маскан раҳбари Аброр Хўжақулов «Bugun.uz»га маълум қилди.

Қайд этилишича, 111 нафар тарбияланувчидан 57 таси оилаларга, 20 нафари патронатга, 16 тарбияланувчи васийликка берилиб, меҳрибонлик уйи фаолияти тугатилган. Бўшаб қолган муассасанинг 80 нафар собиқ ходими мутахассислиги бўйича яшаш манзилига яқин бўлган жойдан иш билан таъминланган.
Хусусан, Данғара туманида яшовчи Бердиевлар оиласи 6 нафар тарбияланувчини асраб олиб, «Болалар бахти» номли оилавий болалар уйини ташкил қилган. Фурқат туманида Ҳуррият Комилова 5 нафар болани фарзандликка олиб, «Меҳрибон қалб» оилавий меҳрибонлик уйини очган бўлса, шу тумандаги Ободон қишлоғида яна бир шундай муассаса очилган. Асл касби ўқитувчи бўлган Назокат Комилова 6 нафар тарбияланувчи қизни асраб олган.
Шунингдек, Қўқон шаҳрининг Ўзбекистон ва Тошлоқ туманларида ҳам оилавий меҳрибонлик уйи ташкил этилган. Аниқланишича, айни кунларда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги 1-сонли меҳрибонлик уйи ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Очиқ маълумотларга кўра, ушбу масканда 50 га яқин болалар тарбияланмоқда.
«Вилоятнинг Фарғона ва Қўқон шаҳарларидаги гўдаклар уйи ёпилгани йўқ. Биласиз, у ерда 7 ёшгача бўлган болалар тарбияланади. Фақатгина Қўқон шаҳридаги меҳрибонлик уйи ёпилди. У ерда 18 ёшгача бўлган болалар бор эди. Уларнинг барчаси оилавий меҳрибонлик уйларига берилди. Келажакда водий бўйича битта яъни Фарғона шаҳрида 1–7 ёшгача бўлган болалар учун гўдаклар уйи очиш режада бор. Марғилон шаҳридаги меҳрибонлик уйи ҳам тез кунларда ёпилади.
Бу бўйича амалий саъй-харакатлар олиб борилмоқда. Оилаларга чиқарилган болалар доимий равишда ўзимни назоратимда турибди. Ҳар куни ҳол-аҳвол сўраб, мурожаати бўлса, қаноатлантиряпмиз. Гази йўққа газ, суви йўққа сув олиб келишда кўмаклашмоқдамиз» — дейди вилоят Миллий гвардияси раҳбари Шавкат Акбаров.
Маълумот ўрнида, Президент қарори асосида Ўзбекистонда етим болаларни тарбиялаш билан Миллий гвардия шуғулланиши тартиби белгиланганди. Хусусан, меҳрибонлик уйи, болалар шаҳарчаси, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг болалар уйлари Миллий гвардияга бириктирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда оила меҳрибонлик уйининг 3 нафар тарбияланувчисини ҳамда Фарғонадаги оилаларнинг бири 6 нафар чин етим болани фарзандликка олгани ҳақида хабар берилганди.