
Яккабоғ тумани ҳокимлигининг «Captiva»си автоҳалокатга учради — фото
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокимига тегишли «Captiva» хизмат машинаси йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида «Bugun.uz» мухбири ҳокимлик матбуот котиби билан боғланди.

Маълум бўлишича, воқеа 7 ноябрь, якшанба куни содир бўлган. Автомашина ичида дам олиш куни бўлгани сабабли туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаевнинг ўзи бўлмаган.
«Йўлда ҳаракатланаётган ҳокимнинг ҳайдовчиси бошқа машинага йўл бераман деб йўлнинг ёқасига рулни бурган ва пастликка тушиб кетган. Ҳеч кимга жиддий жароҳат етмаган», — дея маълум қилди туман ҳокимлиги матбуот котиби Шерзод Ҳасанов.

Маълумот ўрнида, Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев 311 миллион сўмлик «Captiva» харид қилаётгани ва машинани харид қилиш масаласи Халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида депутатлар томонидан тасдиқлангани маълум қилинганди. Харид қилишга сабаб қилиб 2014 йилда ишлаб чиқарилган, ҳозирда яроқсиз ҳолга келиб қолган «Gentra» хизмат машинаси кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари ҳам ЙТҲга учрагани ҳақида хабар берилганди.
