Абдулазиз Комилов Туркияга ташриф буюради
Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 11 ноябрь куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев ҳам Истанбул шаҳрида ўтказиладиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун 11–12 ноябрь кунлари Туркияда бўлади.
Олий даражадаги учрашув кун тартибидан кенгаш доирасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо, инвестициялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Шунингдек, ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Саммит якунида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда. Давлат раҳбари ташриф дастурида Истанбул шаҳрида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Аввалроқ Комилов Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши сиёсатдан холи жараён эканини айтганди. Шунингдек сийёсатчи «Толибон» ҳукумати юритаётган сиёсат ҳақида гапирганди.
