Андижонда эркак 18 ёшли йигитни ўлдириб, каналга ташлаб кетгани айтилмоқда
Андижон вилояти Балиқчи туманида эркак 18 ёшли йигитни ўлдириб, каналга ташлаб кетгани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура матбуот котиби ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га изоҳ берди.

Маълум бўлишича, 5 ноябрь куни фуқаро Л.З. уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолган. Шунингдек, у ўлдириб кетилган бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида жорий Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказиш билан бир қаторда, бедарак йўқолган Л.З.ни топиш юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, тергов натижаси юзасидан қўшимча хабар қилиниши айтилган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида эр шаръий никоҳдаги аёлини ўлдириб, жасадини бўлаклаб кўмиб ташлагани хабар қилинган. Шунингдек, Фарғонада хотини ва қайнатасини чопиб ташлаган 19 ёшли йигитга суд ҳукми ўқилгани маълум қилинган.