Янгиликлар - 10:13 · 09.11.2021

Билл Гейтс терроризмнинг янги тури шаклланишидан огоҳлантирди

Пандемия келажакда нафақат табиий сабабларга кўра, балки биотеррор ҳужумчилар туфайли ҳам дунёга таҳдид солиши мумкинлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Microsoft асосчиси Билл Гейтсга таяниб, «The Guardian» хабар берди.

Фото: «AFP»

Маълум қилинишича, бундай эпидемиялар ҳозирги SARS-CоV-2 коронавирус пандемиясидан ҳам жиддийроқ бўлиши мумкин. Миллиардернинг фикрича, унга қарши курашиш учун инсоният технологик тараққиётга сармоя киритган ҳолда вакциналарни яратиш ва ишлаб чиқаришни анча арзонлаштириши, шунингдек, уларни ишлаб чиқарувчи заводлар сонини кўпайтириши керак.

Маълумот ўрнида, Билл Гейтс инсоният кейинги пандемияларга тайёр бўлиши учун нима қилиши кераклигини айтганди. Унинг фикрича, агар инсоният 100 кун ичида вакцина яратадиган даражага етиб борса, кейинги пандемияларга тайёр бўлади. Гейтс ҳозирча бу йўналишга етарли эътибор берилмаётганини таъкидлаган. «Мен ҳозир пандемияга кутилганидан камроқ тайёргарлик кўрилаётганидан бироз хавотирдаман», — деган Гейтс.

Унинг қўшимча қилишича, инсоният 100 кун ичида бутун дунё аҳолисини эмлаш учун етарлича вакцина ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлиши керак. «Буни амалга ошириш мумкин», — деган миллиардер. У, шунингдек, даромад даражаси ҳар хил бўлган мамлакатлар ўртасида вакциналар тақсимланиши тенгсизлигини бартараф этиш кераклигини таъкидлаган.

Миллиардер коронавирус зилзилалар, торнадо ёки иқлим ўзгариши каби кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланганини, шунинг учун ҳукуматлар келажакдаги пандемияларга тайёргарлик кўриши кераклигини қайд этган.

Аввалроқ Билл Гейтс инсониятнинг энг катта 3 та илмий ютуғини маълум қилганди. Шунингдек, у пандемиянинг тугаши ҳақидаги тахминларга баҳо берган.

Bugun — LIVE