Бош прокуратура ходимининг иш жойида вафот этгани бўйича изоҳ берилди
Бош прокуратура ходими Самир Раҳмоновнинг 2021 йил 26 мартда иш жойида вафот этгани бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан изоҳ берилди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати марҳумнинг отаси судга мурожаат қилганини очиқлаган. Суднинг 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Раҳмоновнинг даъвоси рад қилинган. Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисидаги низомнинг 23-бандида Суд органлари томонидан қарор қабул қилингандан кейин Инспекция ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қўшимча хулоса, тушунчалар инспекция томонидан берилмаслиги белгиланган.
Таъкидланишича, меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларга ишхона ҳудудида ва унинг ташқарисида ходимнинг меҳнат вазифасини бажараётганда юз берган жароҳатланиши киради. Ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жабрланувчининг жиноят содир қилиш чоғида шикастланиш ҳолатлари текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.
Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса ва бошқа жароҳатланишлар Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифасини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
Аввалроқ Бош прокуратура Андижонда эркак 18 ёшли йигитни ўлдириб, каналга ташлаб кетгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирганди.