Исроил фаластинликларни кузатиш тизимини ишга туширди
Исроил армияси Хеброн шаҳрида фаластинликларни кузатиш учун юзни таниш тизимини ўрнатди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳарбийлар фаластинликларнинг атрофидагилар учун қанчалик хавфли эканини тушуниш учун шундай чора кўрган. Кузатув тизими «Blue Wolf» номини олган бўлиб, унда Ғарбий Соҳилдаги ҳар бир фаластинликнинг фотосурати ва оиласи ҳақида маълумот бор.
Таъкидланишича, «Blue Wolf»га сурат юкланганда илова қизил, сариқ ва яшил рангда порлайди. Бу Исроил ҳарбийларига фаластинликни ҳибсга олиш, зудлик билан қамаш ёки қўйиб юбориш кераклигини англатади. Бундан ташқари, Хебронда юзни таниш тизимига эга камералар ўрнатилгани қайд этилган. Бу аскарларга фаластинликларни ҳужжатларни тақдим этишдан олдин ҳам назорат пунктларида аниқлашга ёрдам беради.
«Breaking the Silence» инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Авнер Гварьяхунинг фикрича, бу тизимни тақиқлаш керак, чунки бу технология «Фаластин халқига зулм ва бўйсундириш қуроли» эканини ифодалайди.
Аввалроқ Исроил президенти истеъмолдаги сўзлардан бирини тақиқлашни талаб қилгани ва Европа Иттифоқи Исроилнинг айрим аҳоли пунктларини ноқонуний деб атагани маълум қилинган.