Янгиликлар - 19:46 · 09.11.2021

Ўзбекистондаги 12 та туман ҳокими кўчат экиш ишлари бошланмагани учун қатъий огоҳлантирилди

Ўзбекистондаги 12 та туман ҳокими ҳудудида кўчат экиш ишлари ҳалигача бошланмагани учун қатъий огоҳлантирилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, огоҳлантириш берилиши Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни юрак қон-томир ва эндокрин касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилган. Қайд этилишича, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2 ноябрь куни ўтказилган селектор йиғилишида барча масалалар туман даражасида бирма-бир тушунтириб берилган.

«Охирги 3–4 кунда бўлиб ўтган чангли об-ҳаво шароити ҳам ушбу дастур қанчалик тўғри эканлигини яққол кўрсатиб турибди», — деган Президент. Айтилишича, йиғилишда мутасаддилар лойиҳани амалга оширишда қўшиб ёзиш, рақамларни бўрттириб кўрсатиш, ишларни пала-партиш бажаришга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирилган. Ҳозиргача Қорақалпоғистон, Наманган, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ишга фаол киришгани, лекин Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида дарахт экиш режа кўрсаткичларидан анча ортда қолаётгани таъкидланган.

Шунингдек, Қўшработ, Каттақўрғон, Томди, Дўстлик, Арнасой, Фориш, Янгиариқ, Шеробод, Термиз, Музработ, Ғузор, Китоб туманларида кўчат экиш ишлари ҳалигача бошланмагани айтилган. Ушбу туман ҳокимларига қатъий огоҳлантириш берилиши таъкидланган. Бундан ташқари, вазирлик, тармоқ, корхона раҳбарлари ўз режаларини бажарилиши учун шахсан масъул экани кўрсатилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилгани айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 115 миллиондан ортиқ турли хилдаги дарахт экилиши хабар қилинган.